Жаҳон | 00:35 / 02.12.2021
24950
2 дақиқада ўқилади

Иккита ВАЗ-2106 моделидан дунёдаги энг кенг “Жигули” ҳосил қилинди (видео)

Россиялик блогерлар ва YouTube’даги “Гараж 54” канали муаллифлари ўзларининг энг ноодатий лойиҳаларидан бирини тақдим қилишди. Улар иккита ВАЗ-2106 “Жигули” машинасини ён қисми билан бир-бирига пайвандлаб, эни 3 метрдан ошувчи 2 та рулли машинани ҳосил қилишди.

Эътиборлиси, ушбу антиқа машинани бамайлихотир бошқариш ва ҳаттоки унда дрифт амалга ошириш ҳам мумкин.

Лойиҳа муаллифлари ҳосил бўлган “қўшалоқ” машинанинг эни қанча метрни ташкил қилишига аниқлик киритишмаган. Бироқ стандарт ВАЗ-2106 моделининг эни 1611 миллиметрни ташкил қилиши ҳисобга олинса, ҳосил бўлган машина эни 3,2 метрдан каттароқни ташкил қилади.

Ушбу антиқа машина намойиш қилинган видеода транспорт воситаси руллари ортида биттадан ҳайдовчи ўтирганини кўриш мумкин. Эҳтимол, бунга автомобилни фақат 2 киши биргаликда бошқара олиши сабаб бўлиши мумкин. Машина бесўнақай бўлишига қарамай, ҳайдовчилар унда нафақат сайр қилишга, балки дрифт амалга оширишга ҳам муваффақ бўлишган.

Ушбу машина блогерлар учун биринчи бундай ноодатий лойиҳа эмас. Сентябр бошида улар ВАЗ-2106 негизида қурилган 14 ғилдиракли “Жигули”ни тақдим қилишган.

Мавзуга оид