Ўзбекистон | 17:22 / 07.12.2021
20060
3 дақиқада ўқилади

Депутатлар президент фармонини айланиб ўтиш йўлини топдими?

Қонунчилик палатасидаги “Ҳукумат соати” президент фармонига зид равишда жонли эфирга узатилмади. Палата матбуот хизмати Kun.uz сўровига жавобан Telegram'даги ёзма трансляция ҳам жараённи жонли ёритиш деб ҳисобланишини билдирди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Бугун, 7 декабрь куни парламент қуйи палатасида “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатларнинг саволларига транспорт вазири ўринбосари Абдусамад Мўминов ва Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов жавоб берди.

Қонунчилик палатасида ўтган бу йиғилиш 3 декабрдаги мажлисдан фарқли равишда жонли эфирда намойиш этилмади.

Палата матбуот хизмати “Ҳукумат соати”дан фақат айрим хабарларинигина расмий Telegram-каналида ёзма кўринишда бериш билан чекланди. Бу эса президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йилнинг 16 июндаги очиқлик бўйича фармони талабларига зид.

Kun.uz мухбири “Ҳукумат соати” нега жонли тарзда эфирга узатилмаётгани бўйича палата матбуот котиби, депутат Наврўз Ризаевдан изоҳ сўради. У эса саволга жавобан Telegram-каналида бериб бориладиган ёзма маълумотлар ҳам жонли эфир ҳисобланишини билдирди.

“Кетма-кет ҳамма маълумот расмий сайтимизда тезкор бериляпти. У ҳам жонли дейилади. Қайси ахборот бўлса, қўйилган. Истаганча фойдаланиш мумкин”, – дея жавоб қайтарди Ризаев.

Наврўз Ризаев / Фото: Kun.uz

Таъкидлаш керак, палатанинг Telegram-каналида барча тафсилотлар берилаётгани йўқ. Масалан, вазир ва қўмита раисининг ҳисоботига депутатларнинг муносабати, берган саволлари ва таклифлари очиқланмади. Фақат қуйидагича умумий ахборот берилди холос:

“Ҳукумат соати”да депутатлар соҳани бугунги кун мезонларидан келиб чиққан ҳолда янада такомиллаштириш, транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш, юкларни божхона орқали ўтказишни соддалаштириш ва рақамлаштириш бўйича қатор фикр-мулоҳаза ҳамда амалий таклифларни билдирдилар”.

Маълумот учун, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича фармонда МТРК ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йил 1 декабрдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар ва интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминлаш вазифаси юкланган.

Бу борада палатанинг 3 декабрь кунги мажлисининг бир қисми илк бор жонли эфирда узатилганди.

Мавзуга оид