Ўзбекистон | 16:07 / 08.12.2021
15116
3 дақиқада ўқилади

Чўл одами — “Манзил” лойиҳасининг илк сони

Олам кенг, манзиллар кўп, одамлар турфа. Юрт кезиб, эл таниб, фикр қилиб яшашнинг завқи ўзгача. Манзил-у маконлар ичра шундайлари борки, у ерда бир кунгина яшасангиз бас, одамларининг самимияти ва шукронаси сизга ҳам юқади: ичингизда аллақандай позитив, енгиллик уйғонганини сезасиз.

Kun.uz турфа масканлар ва у ерларда яшаётган инсонлар турмушидан ҳикоя қилувчи “Манзил” лойиҳасини тақдим этади. Илк манзилимиз – Наманган чўлларидаги Оққум қишлоғи.

Оққум қишлоғи Наманган вилояти Мингбулоқ туманининг чўлли ҳудудларида жойлашган. Бундан уч аср аввал қорақалпоқ халқларининг катта кўчиши даври бу қишлоқ пайдо бўлишига асос бўлган.

Қум барханларига туташиб кетган қишлоқ бежиз Оққум деб номланмаган. Кўрсатувни тасвирга олиш давомида чўпончилик қилаётган отахон, қишга ғўзапоя ғамлаётган йигит, лавлаги даласида ишлаётган аёллар ва қишлоқ ҳаётида инсонлар оқибатини кўрган келинчак билан суҳбатда бўлдик.

Сурайё Бегалиева бу қишлоққа туман марказидан келин бўлиб тушган. Келинлигининг илк кунларида қишлоқдаги кўп ҳолат унга ўзгача бўлиб кўринган. Хонадонлар ўртасида девор йўқлиги, аёлларнинг меҳнаткашлиги, қўни-қўшнининг бир-бирига оқибати уни ҳайратда қолдирган. Ҳозир эса у ўзини шу қишлоқнинг бир бўлаги деб ҳисоблайди. Эрта тонгда сигир соғишдан бошланган кун, хамир қориш, нон ёпиш, яқинларига таом тайёрлаш ва хонадондаги кўплаб ишлар билан охирлаганини ҳам билмай қолади.

Оққум ҳудудида қачонлардир фабрика ишлаган. Туманнинг катта қисмини таъминлаб берувчи омбор ҳам шу ҳудудда бўлган. Лекин орадан вақтлар ўтиб омбор бузилган ва фабрика ҳам йўқ бўлиб кетган. Ўша пайтда кўплаб эркаклар қатори аёллар ҳам ишли бўлган. Ҳозир эса тирикчилик асосан деҳқончилик ва мавсумий ишлардан. Қишлоқда тўрт, беш йилдан бери қизил лавлаги етиштириш оммалашган. Бу эса аёлларга оз бўлса-да пул ишлаб олиш имконини берган. Қишлоқ аёллари билан суҳбатимиз қизил лавлаги даласида бўлди.

Қишлоқда ёши кекса, отахон-у онахонларда ҳам тиним йўқлигини кўрдик. Чорвасини ўтлатгани олиб чиқиб кетаётган Эргашали ота Ўразалиев бир кам 70 га кирган бўлса-да доим ҳаракатда. Ҳайвон боқиш ҳам ўзининг соғлигига, ҳам оиласи даромадига фойда эканини айтади.

Далада ғўзапоя дасталаётган Усмонали Саминжонов эътиборимизни тортди. Пахта терими якунланганидан кейин фермерлар даласини бўшатиш мақсадида аҳолига ерни бўлиб беради. Яъни ғўзапояни боғлаб олиб чиқиб кетишлари учун. Суҳбатдошимиз ҳам қишга тандир, ўчоқ учун ишлатиш мақсадида астойдил иш олиб бораётган эди.

Янги лойиҳанинг YouTube-каналига обуна бўлинг, фикр-мулоҳазаларингизни изоҳларда албатта ёзиб қолдиринг.

“Манзил” янги манзиллар томон йўлга отланган. Тез орада лойиҳанинг янги сонларини тақдим этамиз.

Тоҳиржон Турсунов,
Боймирза Халилов,
Kun.uz'нинг “Манзил” лойиҳаси учун махсус.

Мавзуга оид