Жаҳон | 22:52 / 10.12.2021
5735
2 дақиқада ўқилади

Борис Жонсонга пандемия вақтидаги базмлар учун истеъфо хавф солмоқда

Фото: Getty Images

Британияда ҳукумат аъзолари ва консерваторлар партияси етакчилари пандемия вақтида базмлар уюштирганини аниқлаш бўйича тергов ўтказилади. “Би-би-си”нинг хабар беришича, лейбористлар бу борадаги гаплар тасдиқланса, унда бош вазир Борис Жонсон истеъфога чиқиши кераклигини айтишмоқда. 

Терговни юқори мансабдор шахслар ўзаро ҳазил-ҳузул қилиб, пандемиянинг иккинчи тўлқини авж паллада бўлган кезда 2020 йил 18 декабрда ҳукуматда ўтказилган базмни муҳокама қилаётгани видеоси тарқалгандан кейин ўтказишга қарор қилинди. Ушбу видео эълон қилингач, унда қайд қилинган ҳукумат матбуот котиби Аллегра Страттон истеъфога чиққан.

Борис Жонсоннинг таъкидлашича, унга 2020 йил ноябри ва декабрида Даунинг-стритда ҳеч қандай базм уюштирилмаганини айтишган, бироқ бундай ҳолатлар аниқланса, унда барча айбдорлар жиноий жавобгарликка тортилади.

Бироқ либерал демократлар вакилларидан бири Жонсоннинг сўзлари ростлигига шубҳа борлигини ва ушбу базмлар ташкилотчиси айнан бош вазир бўлиши мумкинлигини айтган ҳамда буни аниқлаш мақсадида полицияни унинг ёзишмаларини текширишга чақирган.

Мавзуга оид