Ўзбекистон | 12:28 / 11.12.2021
34856
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари вазирга ўринбосар бўлди

Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Сув хўжалиги вазирлигига ишга ўтди.

Ўзбекистон президенти қарори билан Дилшоджон Акмалдинович Ҳожиаҳмедов Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари – Сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш агентлиги бош директори лавозимига тайинланди. 

 

Дилшоджон Ҳожиаҳмедов 2017 йилдан буён Фарғона вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида  ишлаб келаётган эди.

ЎзА хабарига кўра, унга вазирлик марказий аппаратининг Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бошқармаси, Сув хўжалигини механизациялаштириш бўлими, шунингдек, Агентлик фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва бевосита бошқариш вазифалари юклатилган. Шунингдек, сув хўжалигида капитал қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан тизимли мониторинг юритиш, буюртмачи ва пудрат ташкилотлари томонидан шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш каби вазифалар юклатилган.

Д.Ҳожиаҳмедов 1975 йилда Фарғона вилоятида туғилган. Фарғона политехника институтини тамомлаган, мутахассислиги муҳандис-қурувчи. Меҳнат фаолиятини 1993 йилда Риштон қурилиш бошқармаси 2-тоифали бетончиси лавозимида бошлаб, 1995–2001 йилларда “Фарғонасувқурилиш” бошқармасига қарашли 1-сонли қурилиш монтаж корхонасида турли лавозимларда фаолият юритган. 2001–2017 йилларда Фарғона вилоятидаги қурилиш ташкилотларида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган.

Мавзуга оид