Жаҳон | 10:25 / 12.12.2021
2973
1 дақиқада ўқилади

Туркияда “омикрон” штамми билан илк касалланиш ҳолатлари аниқланди

Туркияда коронавируснинг “омикрон” штамми билан илк касалланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Фахриттин Хўжа маълум қилди.

Фото: Esra Hacioglu / Anadolu Agency

Истанбулда янги штамм билан битта, Измир вилоятида эса бешта касалланиш ҳолати қайд қилинган. Хўжанинг таъкидлашича, беморларда касаллик енгил шаклда ўтаётгани сабабли уларни шифохонага ётқизишга зарурат йўқ.

Шу билан бирга, касалланганлар хорижга чиққани ёки вирусга қарши эмлангани борасида маълумот берилмаган.

“Фуқароларимиз эҳтиёт чораларига амал қилишни давом эттириши зарур”, деб таъкидлаб ўтган вазир.

Маълумотларга кўра, Туркияда охирги суткада 19 мингдан кўпроқ кишида коронавирус аниқланган, 191 киши ундан вафот этган. Мамлакатда пандемия бошидан бери вирус билан касалланганлар сони 9 млндан ошиб кетган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид