Жамият | 19:43 / 13.12.2021
12415
2 дақиқада ўқилади

Бола парваришлаш даврини меҳнат стажига қўшиш таклиф этилмоқда

Болани парваришлаш даврини (6 йил) иш стажига қўшиб ҳисоблаш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан бола парвариши билан банд бўлган аёлларнинг фарзандига қараган даврини меҳнат стажи сифатида эътироф этиш масаласи илгари сурилмоқда.

13 декабр куни ўтказилган партия фракцияси йиғилишида мазкур масала кўриб чиқилди, дея хабар қилмоқда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси.

Қайд этилишича, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ҳужжат асосида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга бир қанча ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда.

Жумладан:

  • болани парваришлаш вақтининг ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш;
  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тўлаш;
  • ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш каби ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, республикада хавфли юқумли касалликлар тарқалиш даври юз берганда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, чекловлар пайтида ёки тугагандан сўнг 1 ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилса, уларга пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан пенсия тайинлаш таклиф этилмоқда.

Мавзуга оид