Ўзбекистон | 14:29 / 21.12.2021
52491
5 дақиқада ўқилади

Қайси вилоятлар ҳокимлиги олдида ҳали ҳам панжаралар бор?

14та ҳудуддан фақат 4тасида бош ижро органининг биноси аҳоли учун тўсиқлардан холи. Бир нечта ҳокимликлар панжарани олиб ташлаш режаси йўқлигини маълум қилди.

Тошкент вилоятига Зойир Мирзаев ҳоким бўлиб келишидан ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳокимлик биноси атрофини ўраб турган панжаралар олиб ташланди. Панжаралар ўрнига дарахт кўчатлари экилиши маълум қилинди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бу воқеадан кейин яна қайси вилоят ҳокимликларида панжаралар олиб ташлангани, қайсиларида сақланиб қолаётгани билан қизиқдик.

Қашқадарё вилояти

Ушбу вилоят ҳокимлигида, бошқалари каби, панжара анча йиллардан буён бўлиб келган, бироқ вилоятга Зойир Мирзаев ҳоким бўлиб келиши билан улар олиб ташланган. Ҳозирда аҳоли истаса, ҳокимлик олдидаги боғда ҳам сайр қилиб юриши мумкин.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Фото: qashqadaryo.uz
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги
Фото: yandex.com

Ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Зойир Мирзаев даврида вилоятдаги барча туман ҳокимликларининг панжаралари ҳам олиб ташланган.

Самарқанд вилояти

Ушбу вилоят ҳокимлиги ҳам муқаддам панжаралар билан ўралган бўлган. Эркинжон Турдимов ҳоким бўлиб келганидан сўнг, панжаралардан воз кечилган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги
Фото: Kun.uz
Самарқанд вилояти ҳокимлиги
Фото: Kun.uz

Ҳокимлик матбуот котиби Манучеҳр Мирзаевнинг билдиришича, нафақат вилоят, балки туман ҳокимликларида ҳам панжаралар йўқ.

“Вилоятдаги сўнгги панжара Пайариқ туман ҳокимлигида эди. Шу йил январида Kun.uz танқидидан сўнг, у ердан ҳам олиб ташланди”, – дейди ҳокимлик вакили.

Ўрганишларимиз натижасида, афсуски, бор-йўғи 3та вилоят ҳокимлигида панжаралар мавжуд эмаслигига гувоҳ бўлдик.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасининг ижро органи ҳисобланмиш Вазирлар Кенгаши атрофида ҳам панжаралар йўқ экан.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
Фото: Kun.uz 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
Фото: Kun.uz 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши
Фото: Kun.uz 

Вазирлар Кенгаши матбуот котиби Азамат Ажимуратовнинг маълум қилишича, ташкилот биноси атрофида панжаралар аввалдан бўлмаган. Унинг қўшимча қилишича, бино олдидан пиёдалар йўлакчаси ўтган бўлиб, фуқаролар ундан бемалол ўтиб-қайтиб юради.

Панжара ортидаги ҳокимликлар

Андижон, Наманган, Фарғона, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимликларидан сўровимиз бўйича маълумот ололмадик.

Андижон вилояти ҳокимлиги
Фото: everyday.uz
Наманган вилояти ҳокимлиги
Фото: Kun.uz 
Фарғона вилояти ҳокимлиги
Фото: Kun.uz 
Навоий вилояти ҳокимлиги
Фото: Kun.uz 
Бухоро вилояти ҳокимлиги
Фото: Kun.uz 
Хоразм вилояти ҳокимлиги
Фото: Kun.uz 

Жиззах вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Акмал Биноқулов панжараларни олиб ташлаш режада бор-йўқлигидан бехабарлигини билдирди.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати эса панжараларни олиб ташлаш режада йўқлигини маълум қилди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги
Фото: jizzax.uz
Тошкент шаҳар ҳокимлиги 
Фото: Kun.uz 

Сирдарё вилояти

Сирдарё вилояти ҳокимлиги
Фото: Kun.uz 

Вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Зафар Мирраҳимов ҳокимликда панжаралар бўлгани билан, қабулхонага киришда панжара йўқлигини, яъни фуқаролар мурожаат қилиши учун тўсиқ мавжуд эмаслигини билдирди. Шунингдек, у ҳокимликда панжараларни олиб ташлаш режаси йўқлигини қўшимча қилди.

Сурхондарё вилояти

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Фото: norma.uz

Сурхондарё вилоят ҳокимлиги матбуот котибининг айтишича, аввал панжарали ҳудуд бундан ҳам катта бўлган ва 2019 йилга келиб ўраб олинган ҳудуд торайтирилган. Ҳокимликнинг панжарадан воз кечиш нияти бор-йўқлиги ҳақидаги саволимиз эса жавобсиз қолди.

Шу йилнинг август ойида, Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаган вақтида Зойир Мирзаев ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлардаги панжаралар ҳақида танқидий фикр билдирганди.

Нимага ҳокимлик ёпиқ жой бўлиши керак? Мен вилоят ҳокимлигига чақирилган ҳокимларни ҳар сафар бинонинг олд тарафидан олиб киришни буюраман, нимага? Ҳокимлар шу томондан кирса, панжара йўқлигини кўради. Мен ҳокимлик биносига кираётган йўлда панжара йўқ. Буни ақли етган тушунади.

Кичкинагина ташкилотлар панжара, панжарадан сўнг яна бир бало қўйиб, одамларнинг йўлини тўсиб қўйган. Ўзи ҳеч бир иш қилмайди, қўриқланадиган ҳеч нарса йўқ, лекин панжара билан тўсилган. Мен шундай пайтда ташкилот раҳбарларидан панжара билан кимдан нимани қўриқлаётганини сўрайман. Хўш, ташкилотини халқдан қўриқлаяптими?” – деганди Зойир Мирзаев.

Маълумот учун, Зойир Мирзаевнинг ушбу танқидидан сўнг, Қашқадарёдаги ҳокимликлар ва бошқа бир қатор ташкилотлар атрофидаги панжаралар олиб ташланган.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати
Косон тумани ҳокимлиги
Фото: Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Аббос Салайдинов

Мавзуга оид