Ўзбекистон | 12:30 / 22.12.2021
12273
4 дақиқада ўқилади

Урганчда ноқонуний қурилиш аниқланган, ҳокимлик 6 ойдан бери чора кўрмаяпти

Урганч шаҳрида фуқаро салкам юз метрлик девор кўтариб, ноқонуний равишда ер участкасини ўраб олмоқда. Шаҳар ҳокимлиги эса ҳолатни судга оширишни ярим йилдан бери чўзиб келяпти. Кеча президент ер майдонларини ажратишдаги коррупцияни танқид қилганди.

Фото: KUN.UZ

Хоразм вилояти Урганч шаҳри “Наврўз” маҳалласида фуқаро ҳеч қандай ҳужжатларсиз 98 метр узунликда пойдевор қуйиб, девор тиклаган. Шаҳар ҳокимлиги бу ноқонуний қурилма масаласини қарийб 6 ойдан бери пайсалга соляпти.

Ер майдони Шифокорлар кўчасида жойлашган Пульмонология маркази олдида жойлашган. Хоразм вилояти Қурилиш бош бошқармасининг Урганч шаҳар қурилиш бўлими берган маълумотга кўра, бу ҳудуд ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва қурилиш ишлари ҳам ноқонуний.

Аниқланишича, Урганч тумани Чаккашоликор қишлоғида яшовчи фуқаро З.Р. бу ҳудуднинг 98 метр ер майдонини ҳеч қандай ҳужжатларсиз, рухсатсиз, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, пойдевор қилган ва девор тиклаган.

Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Қурилиш бўлими 2021 йил 30 июнь куни фуқарога қурилишни тўхтатиш ҳақида огоҳлантириш хати берган.

Шунингдек, Қурилиш бош бошқармаси томонидан бу қурилмани бузиб ташлашда Урганч туманлараро судига ишни қонун доирасида кўриб чиқиш учун даъво аризаси билан мурожаат қилишда амалий ёрдам сўралиб, Урганч шаҳар ҳокимлигига 2021 йил 30 июнь куни хабарнома юборилган.

Google Earth дастури орқали жойнинг аввалги ҳолати текширилганда яшил ҳудуд эканини, дарахтлар борлигини кўриш мумкин. Бу дарахтларни ким кесиб ташлагани, рухсат олинган ёки йўқлиги ҳам номаълум.

Қизил чизиқ билан ноқонуний қурилма ҳудуди ажратиб кўрсатилган
Ҳудуднинг 2021 йил апрель ойидаги ҳолати

Урганч шаҳар ҳокимлиги берган изоҳга кўра, ноқонуний қурилма бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида судга даъво аризаси киритиш чоралари кўрилмоқда. Бироқ, бу иш қарийб 6 ой давомида қилинмагани ва пайсалга солингани ажабланарли.

Афсуски, “Наврўз” маҳалласида юз берган воқеа ўзбошимчалик билан ерларни эгаллаб олиш билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг кичик бир қисми холос.

Кадастр агентлиги Хоразм вилояти бошқармаси берган маълумотга кўра, 2021 йилнинг 1 декабрь ҳолатига Хоразм вилоятида 958 та ҳолатда 32 гектар ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолати аниқланган. 3 гектар ер билан боғлиқ 156 та ҳолатда қонунбузилиши бартараф этилган.

Ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши бўйича ҳокимликларга 750 та тақдимнома, прокуратура органларига 324 та маълумотнома киритилган. 270 та ҳолат бўйича ҳокимликлар судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Кеча, 21 декабрь куни президент кадастр соҳаси бўйича йиғилишда соҳадаги муаммоларнинг ортида пора ва коррупция турганини айтган эди.

“Ер балансини тўғри юритиш, ерни асраб-авайлаш ҳокимларнинг конституциявий мажбурияти ва асосий вазифасидир. Буни уддалай олмайдиган ҳоким менга керак эмас”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шундай экан, Урганч шаҳар ҳокимлиги ноқонуний қурилма ишини судга оширишни ойлардан бери пайсалга солаётгани, боз устига фуқаро кимга ишониб ўзига тегишли бўлмаган жойга пул сарфлаб қурилиш қилгани бошқа гумонларни ҳам ўртага чиқаради.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид