Жамият | 21:20 / 23.12.2021
13948
3 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқдаги метан “заправка” нега бузилмоқда? Прокуратура изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Бўстонлиқдаги метан “заправка” Тошкент вилояти ҳокими буйруғи билан бузиб ташланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Прокуратура ҳолат бўйича Бўстонлиқ туман ҳокимлиги мансабдорларига нисбатан жиноят иши очган.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, метан “заправка” қурилишини туман ҳокимининг қарорлари асосида олиб борган, қурилишга 5 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган, қўшимчасига ҳокимлик топшириғи билан 250 млн сўм сарфлаб, маҳалла биноси қурилишида ҳомийлик қилган.

Унинг қўшимча қилишича, шахсан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев унга “заправка”ни бузишни буюрган, бузишга нима сабаб бўлаётганини сўраганида, унга бош вазир йўлдан ўтаётганда “заправка” ҳукумат раҳбарига ёқмагани айтилган.

Тошкент вилоят прокуратураси ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди. Унда айтилишича, тадбиркор (“NUKUS METAN TRANS SERVIS” МЧЖ)га ер ажратиш ҳақидаги 2019 йил 25 мартдаги ҳоким қарори Ер кодексининг 8 ва 9-моддаларига зид равишда қабул қилинган.

Ушбу қарорда тадбиркорга Бўстонлиқ тумани “Қўшқўрғон” МФЙдаги 75к-контурдан ер ажратилиши назарда тутилган бўлса-да, қурилиш “GRAND ICE CREAM PLYUS” МЧЖга ажратиб берилган 73-контуридаги 0,50 га ер майдонида олиб борилгани аниқланган.

Фото: Тошкент вилоят прокуратураси

Бундан ташқари, “NUKUS METAN TRANS SERVIS” МЧЖ ва “GRAND ICE CREAM PLYUS” МЧЖларнинг ўзаро келишуви натижасида 27.04.2021 йилдаги туман ҳокимининг қарори билан “GRAND ICE CREAM PLYUS” МЧЖдан (ихтиёрий аризасига асосан) “NUKUS METAN TRANS SERVIS” МЧЖ томонидан қурилган газ қуйиш шохобчаси жойлашган 0.50 га ер майдони захирага қайтарилишига эришилган”, дейилади прокуратура муносабатида.

Қўшимча қилинишича, туман ҳокимлиги томонидан “NUKUS METAN TRANS SERVIS” МЧЖга чиқарилган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда жамият томонидан олиб борилаётган қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиб туриш юзасидан 2021 йил 17 декабр куни Нурафшон туманлараро маъмурий судига даъво аризаси киритилган.

Шунингдек, прокуратура изоҳида айни вақтда қурилиш объектини ўрганиб чиқиб, қонуний баҳо бериш мақсадида, Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Прокуратура изоҳидан маълум бўладики, ҳолат бўйича жиноят иши ҳам қўзғатилган. Kun.uz мазкур жиноят иши бўйича маълумот олиш учун Тошкент вилоят прокуратураси билан боғланди. Вилоят прокуратураси ахборот хизматининг маълум қилишича, Бўстонлиқ туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан ЖКнинг 205-моддаси 1-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Қўшимча қилинишича, ҳокимият вакиллари томонидан тадбиркорнинг газ қуйиш шохобчасига тегинилмаган.

Мавзуга оид