Ўзбекистон | 17:20 / 23.12.2021
47066
5 дақиқада ўқилади

Экологик инқироз: Ўзбекистоннинг сув муаммосига ечим борми? | Вазир билан суҳбат

Ўзбекистон учун оби-ҳаёт етишмовчилиги тобора катта хавфга айланяпти. Таҳлилчилар яқин 20 йилликда Марказий Осиё давлатлари кескин сув тақчиллиги билан юзлашишини айтади.

Хўш, ҳолатни юмшатиш борасидаги ишлар-чи? Kun.uz мухбири мавзу атрофидаги саволлар юзасидан Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев билан интервью уюштирди.

— Шавкат ака, охирги йилларда Марказий Осиёни сув билан таъминлайдиган муз манбаларининг 35-40 фоизи эриб кетди. Бу жараёнлар эса йилдан йилга тезлашиб боряпти. Сув етишмовчилигини ҳаётимизда ҳар куни сезяпмиз-у, лекин вазирликнинг бу борада кўраётган чораларини умуман сезмаяпмиз.

— Ҳаракатларимизни кўрмаётганингиз иш қилинмаётганини билдирмайди. 30 ноябр куни «Сув ва сувдан фойдаланиш» бўйича қонунга ўзгартишлар киритилди. Умуман охирги 3 йилда соҳада иккита қарор, учта президент фармони ва тўртта Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Биз юқорида матбуот анжуманида ҳам айтдикки, охирги 3 йилда сув тежовчи ва томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш 9 баробарга ошди.

Бу борада фермерлар ва сув тежовчи технологиялар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарга субсидиялар бериш тартиби енгиллаштирилмоқда. Бу технологиялар нафақат маҳаллий, балки экспорт талабига ҳам тўла жавоб беради.

Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари аввал Навоий вилоятида фаолият кўрсатарди, яқинда эса худди шундай корхона Хоразм вилоятида ҳам иш бошлади. Шунингдек, бундай корхоналар Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида ҳам фаолият юритмоқда.

Замонавий насос ва двигателлар ҳам ҳозир тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда.

— Сиз субсидиялар ҳақида гапиряпсиз, лекин фермерлар субсидия олиш шартлари ҳамон қийинлиги ва уларнинг ҳозирги шароити бунга жавоб бермаслигини айтади. Балки субсидия олиш шартларини янада енгиллатиш керакдир.

— Пул ҳеч кимга ҳеч қачон кўплик қилмайди. Ҳозирги шароитда ҳам биз кўплаб ижобий натижаларни кўряпмиз. Биз субсидияга қониқмаётган фермерларни ўша юқори натижали фермерларнинг даласига олиб боряпмиз. Уларга айтяпмиз, мана, шу одам қиляпти-ку.

Бу каби технологиялар нафақат сувни тежайди, балки минерал ўғит ва сувчиларнинг меҳнатини ҳам. Умуман, сув тежовчи технологиялар одатдаги харажатларни 50 фоизга қисқартиради. Ҳосилдорлик ҳам 10-15 фоизга ошяпти.

Қайтараман, сув тақчиллигининг ягона ечими – бу сув тежовчи технологиялар.

— Сув етишмовчилиги кузатилар экан, унинг биринчи зарбасини деҳқон ва томорқачи сезади.

Таҳририятимизга келаётган мурожаатларга кўра, жойларда сувнинг катта қисми фермерлар томонидан олиб қўйилади ва деҳқон, томорқачига кўп ҳолатда сув тегмайди. Улар сувдан фойдаланиш бўйича қонун жойларда ишламаётганидан нолимоқда. Хўш, нега сувдан фойдаланиш тартибини жойларда ишлатолмаяпсизлар?

— Фикрларингиз нотўғри, баъзи ҳолларда десангиз қўшиламан. Сувни фермер олиб, томорқачи ололмай қолган ҳудудлар республикада 1 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Мен 90 фоиз ҳолатда сувни адолат билан тақсимлаётганимизни исботи билан кўрсатаман. Балки 4-5та жойда эътиборсиз қолган шундай ҳолатлар бордир.

Агар сувсиз қолган ҳудудлар бизга мурожаат қилса, биз уларнинг мурожаатини албатта ўрганамиз ва ҳал қилиб берамиз. Балки кимдир ариғини қазимаган ва шунинг учун унга сув келмас.

— Ўзбекистоннинг сув муаммоларига яна бир сабаб – бугун сувнинг 50 фоизи далага етиб келгунча, каналларнинг ўзида йўқотилмоқда. Бугун йирик каналларни бетонлаштириш ёки қувурлаштириш ишларида фаолликни нега сезмаяпмиз?

— Бу борада етарлича ишлаяпмиз. Масалан, яқинда Хоразм вилоятида йирик системани реконструкция қилдик. Бориб кўринг, ҳавасингиз келади. У ердаги ишларимиз туфайли сувни 50 фоиз тежашга эришдик. Сурхондарёда эса каналлар қувурлаштириляпти. Фарғонада ҳам. Лекин бу ишларнинг ҳаммаси бирданига бўлмайди-ку. Булар шунча йил қилинмаган ишлар эди.

Яқинда Бўзатов туманидаги насос станцияси қурилиши тугайди. У ерларда 3000 минг гектар майдон 30 йил аввал шундай суғорилган, кейин тўхтаб қолган. Бизда лойиҳалар кўп.

2021 йилда 8 млрд куб сув кам бўлди. Биз шунга қарамасдан, 3 млн 400 минг тонналик пахта ёки ғалла хирмонини етиштирдик.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Азимжон Воҳидов.

Мавзуга оид