Ўзбекистон | 11:07 / 23.12.2021
20557
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилояти ҳокимининг икки ўринбосари ўзгарди

Самарқанд вилояти ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича ҳамда маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари ўзгарди.

Самарқанд вилояти ҳокимига икки нафар янги ўринбосар тайинланди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, вилоят ҳокимининг тегишли қарорлари билан вилоят ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари - вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Ботир Нуруллаев

Ушбу лавозимга шу кунга қадар президент ҳузуридаги давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти ҳудудий филиали раҳбари лавозимида фаолият олиб борган Рустам Қобилов тайинланган.

Рустам Қобилов

Рустам Қобилов 2018 йил 16 апрелдан 2020 йил 10 сентябргача Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вазифасида ишлаган. 

Ботир Нуруллаев вилоят ҳокими ўринбосари лавозимида 2019 йил январидан буён ишлаб келаётганди.

Шунингдек, вилоят ҳокими ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Асқар Умаров бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.

Ушбу лавозимга шу кунга қадар Самарқанд вилояти Бандлик Бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Исроил Жабборов тайинланган.

Исроил Жабборов

Асқар Умаров 2020 йил февралида вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Мавзуга оид