Ўзбекистон | 14:30 / 25.12.2021
9017
20 дақиқада ўқилади

Икки авлод учрашуви: журналистика муаммолари ва қолипланган мавзулар ҳақида

«Икки авлод учрашуви» туркумининг илк сонида журналистиканинг катта ва кичик авлоди тилидан кечаги ва бугунги цензура, мавзулар ҳамда соҳанинг оғриқли нуқталари ҳақида сўз юритилади.

Фото: KUN.UZ

«Икки авлод учрашуви»нинг илк сонига катта авлод вакили сифатида узоқ йиллар журналистикада машаққатли меҳнат қилган журналист, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, ҳозирги авлод вакили сифатида «Ўзбекистон 24» телаканали мухбири, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг битирувчи босқич талабаси Жаҳонгир Мардонов таклиф қилинди.

Кечанинг мавзулари: дала ишлари, ғўза парвариши, чопиқ ва ҳаммани титратган фельетонлар ҳақида

Аҳмаджон Мелибоев: Мактаб пайтларидаёқ журналист бўлишга қизиққанман. Журналист бўлсам нималар ҳақида ёзаман, деган саволни берганман ўзимга. Бир кишининг гапи ҳеч эсимдан чиқмайди, у менинг туман газетасида босилган мақоламни ўқиб, «Журналист бўлсанг, бўлган-бўлмаган нарсаларни кўпиртириб ёзадиган журналист бўласан-да, бошқа касб йўқми?» деган.

1964 йил мактабни битириб, Тошкентга келдим, ўша йили журналистика факультетига қабул бўлмади. Қайтиб кетиб, Ўшда рус тили ўқитувчилари тайёрлайдиган педагогика курсини тугатдим. Ҳарбий хизматда бўлдим, мактабда ўқитувчилик қилдим, туман, вилоят газеталарида мақолаларим чиқди, журналист касби ҳақида аниқ тасаввур пайдо бўлди. Шундан кейин ҳозирги Миллий университетга келиб, ўзимдан олти ёш кичик йигит-қизлар билан бирга ўқидим.

Ўтган аср 70-йиллари охири… У пайтда газета мавзулари аввалдан аниқ бўларди: баҳорда кўклам-дала ишлари – шудгор, чигит экиш, ғўза парвариши, илғор чорвадорлар ва ҳоказо. Ёзда буғдой ўрими, комбайнчилар меҳнати, кузда йиғим-терим, ҳосил хирмонлари… Янги, кутилмаган мавзуларда ёзадиган журналистлар кўп эмасди. Жамият матбуотнинг шу даражасига қаноат қиларди. Битта-яримта танқидий мақола учрамаса, мақолаларда асосан бўлаётган ишларни мақтаб ёзиш, эртадан-кечгача завқли меҳнат билан банд, далага қўшиқ айтиб бориб, кеч қўшиқ айтиб қайтиш романтик услубда акс этарди. Очерклар, одатда, «кун ётоғига бош қўяётган, шуълалар уфққа ёйилаётган пайтда уйларига қайтаётган» меҳнат фронти қаҳрамонларини таърифлашдан бошланарди.

70-йиллар матбуотининг бугунги матбуотдан битта устунлиги — газеталарда фельетон жанри ниҳоятда кучайганди. Қақшаткич зарбали фельетонлар танқидига учраган одамнинг ҳаёти узил-кесил ҳал бўларди. Машҳур фельетончилар социалистик мулкка кўз олайтирганлар, дўконда ниманидир нархидан ошириб сотганлар, сифатсиз маҳсулот чиқарганларни аяб ўтирмасди. Ўша пайтда юрак ютиб, тадбиркорлик билан шуғулланган ишбилармонлар ҳам фельетончилардан оғир зарба ейишган. Собиқ тузум қўлидан иш келадиган ташаббускорларга ҳам йўл бермасди.

«Бугун матбуотимиз қанчалик ривожланган бўлмасин, холис танқид жиҳатидан оқсамоқда. Журъат билан жиддий бир муаммо ечимини излаб ёзилаётган мақолалар бор, лекин жуда кам. Матбуот эътибор бериши зарур бўлган камчиликлар эса кўп»

Ўша кезлари бугун эрталаб чоп этилган газеталар олис туманларнинг олис қишлоқларига ҳам шу куннинг ўзида етиб борарди. Собиқ тузум ўз мафкурасини одамлар онг-шуурига сингдириш учун ҳам шундай қиларди. Бугун энди транспорт инфраструктураси ғоят ривожланган пайтда газеталар жойларга вақтида етиб бормайди, қай бир жойларда тахланиб ётади. Почта хизмати деярли издан чиққан. Газета ўқувчига бир ҳафтадан кейин етиб борса, унинг актуаллиги қаерда қолади?

Бугун: наҳангларга ем бўлмаслик ва ҳадиклар ҳақида. Ёш авлод ўзини соҳада қандай тасаввур қилади?

Жаҳонгир Мардонов: Очиғини айтганда, ҳар бир инсон соҳасида ўзини қулай ҳис қилмаса, бу унинг ривожланишига эмас, касбидан совиб боришига олиб келиши аниқ. Бу соҳага келажагимни боғлай олмайман, деб айтишимга эрта, менимча. Чунки катта иш кўрсата олмасдан туриб ёки жуда катта тўсиқ ва қийинчиликларга дуч келмасдан бундай дейиш – оддийгина чекинишдек туюлади. Менда хоҳиш бор. Шахсий фикрим: жамиятдаги инқилобий бўлмаса-да, тадрижий демократик ўсиш оз бўлса-да, умид бериб турибди. Лекин бу ривожланиш бугунги кун журналистика анъаналари билан таққослаб қаралганда жадал кечмаяпти – анча орқада.

Қоғозлардаги қонунларни ўқиб, денгиз тубидан марварид қидиришга чоғланган ғаввосдек ижод қилгинг келса, реал ҳаётда назария билан амалиёт ўртасидаги тафовут катталиги, кўплаб амалдорлар томонидан қонунлар эркин суиистеъмол қилиниш ҳолатларини кўриб, «сувнинг совуқлиги», «наҳангларга ем бўлмаслик», «фавқулодда ҳолат юз берганда сен қайтиб чиқиб жон сақлашинг мумкин бўлган қайиғингнинг кетиб қолиши» каби қатор иккиланишлар, ҳадиклар пайдо бўлаверади. Албатта, бу мажозий маънода. Реал қараганда, нафақат журналистнинг, балки халқнинг ҳам ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланмаса, жамиятда давлат сиёсатига ишончсизлик ортиб боради.

Кечаги таълим: газеталар жуда кам, мақола чиқариш мажбурий эди

Аҳмаджон Мелибоев: Биз ўқиган пайтда касб таълими журналистиканинг ибтидосидан бошланган. Матбуотнинг ҳозиржавоблик, ҳаққонийлик ва халқчиллик деган принциплари ибтидоий қилиб бўлса ҳам тушунтирилган. Жанрларнинг ўзига хос хусусиятлари эринмай ўргатилган. Ўқиш беш йиллик эди, 2-босқичдан амалиёт бошланарди. Ҳар бир талаба газетада мақола, хабар ёки репортаж чиқариши шарт, деган талаб қўйилган. Пойтахтда бор-йўғи тўрт-бешта газета чиқарди, холос. Иккинчи курсда хоразмлик курсдошимизнинг чоққина ахбороти «Тошкент оқшоми»да эълон қилинган. Шундай нуфузли газетада талабанинг материали чиққани жиддий воқеа эди. Қарангки, бу газета ҳозир ёпилиб турибди.

Мақолам чиқди, деб, курсдошимиз хурсанд бўлиб, газетадан кўп нусха сотиб олиб, «Сизларнинг ҳам газеталарда ахборотларингиз чиқсин», деган ният билан курсдошларга дастхат ёзиб берган. Ўша пайтлари ўнта ёки ўн бешта хабаримиздан битта-иккитаси чиқарди. Буниси чиқмаса, кейингиси чиқади, деб ёзаверганмиз. Ўткир Ҳошимов «Тошкент оқшоми»да ишлаган пайтда шу газетада амалиёт ўтаганман. Иккита мақолам чиққан. Бу катта ютуқ эди.

Бугунги таълим: Соҳанинг асл мутахассислари кам

Жаҳонгир Мардонов: Мен таҳсил олаётган журналистика даргоҳининг ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор, албатта. Ютуқларини олиб қарасак, сиз, мен ва бошқа талаба тенгдошларимизга назар солайлик. Аксарияти, таълим билан бир вақтда нуфузли ОАВ, давлат ташкилотларида ўз соҳалари бўйича ишлаб, озми-кўпми натижаларга эришиб, ижодида ўсиш кузатилмоқда.

Бошқа университет талабалари билан кўп мулоқотда бўлганмиз – аксарияти 4 курсда ёки битириб ишлайди. Шундан келиб чиқсак, мен таълим олаётган даргоҳ шахсан менга трамплин бўлди. Муҳит, имконият, амалиёт учун чекловсиз майдон яратиб берди. Қолганини тортиб кетиш эса ўзимга боғлиқ. Таълим тизимидаги яна бир ютуқ томони – тан олиб айтиш керак – 4-курсни битиряпмиз, на ўзим, на ўртоқларим, на бошқа талабадан сессияни пулга ёпдим, деган гапни эшитганим йўқ. Одатда, талабалар орасида бундай хабарлар яшин тезлигида тарқалади. Ўқитиш тизимига тўхталсам, йўлга қўйилиши керак бўлган жиҳатлар бор, менинг нуқтайи назаримда. Соҳанинг асл мутахассислари кам, кучли амалиётчи журналистлар олиб келиняпти, аммо бу етарли даражада эмас. Ундан кейин бугунги журналистика тенденцияларидан орқада қолиш бор. Мисол учун, Халқаро мавзуларни шарҳлаб берадиган, Халқаро сиёсий-иқтисодий муносабатларни таҳлил қилиб берадиган, мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий жараёнлар бўйича сабоқ берадиган амалиётчи журналистлар кам ва шунга йўналтирилган дарсларга эҳтиёж бор.

«Бугунги таълимнинг ёмон жиҳати – биз факультетга ўқиш учун кимлар келаётганини билмаймиз»

Аҳмаджон Мелибоев: Кўплаб хориж мамлакатларининг журналистика мактабларида бўлганман. Улар талабани хабар ёки мақола ёзишга ўргатишмайди. Биринчи кундан бошлаб мустақил фикрлаш, баҳслашиш, қиёслаш, ишонтириш, далиллаш маҳоратига ўргатишади. Биздаги асосий камчилик шундаки, бугун биз журналистика факультетларига кимлар келаётганини мутлақо билмаймиз. Қанча бор минбарларда гапириб, матбуотда ёзиб, ижодий имтиҳонни тикладик. Бироқ бу йил бу имтиҳон кутилмаганда бекор бўлди. Тест синовларининг афзаллиги бор, албатта, аммо унинг бир қусури барча афзалликларини ювиб кетади, яъни талабаликка ижодкорликка мойил, қўлида қалами борлардан кўра тест саволларини қуруқ ёдлаганлар кўпроқ қабул қилинади. Тўрт йилда уларни ёзишга, ижодий фикрлашга ўргатиш мушкул иш. Менга қолса, қуйи матбуотда мақолалари эълон қилинган, матбуот билан ҳамкорлиги борларга қабул пайти кўпроқ эътибор бериш керак.

«Назария ва амалиёт бир-бирига мос эмас»

Жаҳонгир Мардонов: Маҳаллий ОАВ ривожи айнан янги авлод журналистларининг қайси тоифасини шакллантириш идеологиясига боғлиқ. Шу билан бирга, бу жараённи аудиторияда ташкил қилиб бўлмайди. Аквариумда сузиш билан денгизда сузиш орасида фарқ бўлганидек, университетдаги таълим билан жамиятдаги муқобиллик ўртасида тафовут катта. Олий таълимдаги назариялар деярли амалиётда ўз самарасини бермайди. Бунинг учун тизимни ислоҳ қилиш керак.

«Мустақил фикрлашга эҳтиёж бўлмаган давр зўр ижодкорларни сўндирган»

Аҳмаджон Мелибоев: Биз ўқиган пайтдаги идеология матбуотга партиянинг нишонни аниқ мўлжалга олувчи қуроли деб тўхтовсиз уқтирарди. «Сизлар (журналистлар) иқтисод, сиёсат каби жиддий масалаларга аралашманглар, ўртоқ Брежнев (комфирқанинг ўша пайтдаги раҳбари) мана бу масалаларни кўтардими, партия қарор қабул қилдими, бас, шуларни бажариш сизларнинг бирламчи вазифангиз, дейиларди. Мустақил фикрлашга эҳтиёж йўқ эди ҳисоб. Ҳамма учун партия фикрларди. Партиянинг фикри халқнинг фикри тарзида тарғиб қилинарди. Кўп ижодкорларнинг шиддати ва журъатини мана шу сиёсат сўндирган. Аммо, айтиш керакки, шундай шароитда ҳам бошини кундага қўйиб бўлса-да, фикрини айтишга ҳаракат қилган, йўлини топган ижодкорлар бўлган. Гап маҳоратда. «Нега бундай?» деб бақириш бошқа, «нега бундай»лигини очиб бериш бошқа нарса.

 

«Ҳуқуқий томондан ҳимояланиш имкониятим бўлмаганида соҳани тарк этишга мажбур бўламан»

Жаҳонгир Мардонов: Ҳукуматнинг ОАВга бўлган муносабатини бевосита халқига муносабати, деб англаса бўлади. ОАВнинг сўзини чеклаган, зоҳирда очиқликни даъво қилиб, ботинда мақтовга мойиллиги бор раҳбарларнинг бу ҳаракати, қўпол қилиб айтганда, ўз халқига, депутат бўлса, ўзини сайлаган номзодига иккиюзламачилик қилишидан бошқа нарса эмас. Сиёсат – ёлғондан иборат, рост бўлса у сиёсат эмас, ёки ёлғон гапиролмаса, у яхши сиёсатчи эмас, деган гаплар бор. Мен буларга қўшилмайман. Мен ўйлайманки, юқоридаги фикрни адолат қила олмаган «сиёсатчи»лар томонидан ўз айбини хаспўшлаш учун чиқарилган «гап» сифатида биламан.

Мажозий маънода айтмоқчиман: хўроз баланд дарахтда туриб тонг отаётганидан одамларни огоҳ қилгани учун уни қўндоққа қамаш мантиққа зид бўлганидек, журналист ҳам одамларни ўз ҳақ-ҳуқуқлари доирасида сергакликка чорлаб, «қичқирса», унинг фаолиятига таҳдидлар бўлиши – мантиққа ҳам, қонунга ҳам зид.

Журналистиканинг нони қаттиқлигини секин-аста англаб, шу «қаттиқ нон» ҳаётимнинг бир қисмига айланиб бораётганда, ҳуқуқий томондан ҳимояланиш имкониятим бўлмаса, нафақат менда, балки кўпчиликда ҳам соҳани ўзгартириш кайфияти туғилса керак, деб ўйлайман.

Кечаги цензура: газетани ёпишга уринишлар ва сукунат ҳақида

Аҳмаджон Мелибоев: Цензура оқим йўлига ўрнатилган тўғонга ўхшарди. Аммо у журъатсиз, ёқмаган мақолани «мен ўтказганим билан цензура ўтказмайди», деб ўзини оқлайдиган муҳаррирларга кўп ёрдам берган. Биз адабиёт газетасида бошқача йўл тутганмиз: яъни бутун масъулиятни бўйнимизга олганмиз. Тортишувлар бўлган. Яқинда цензура билан ёзишмаларнинг бир қисмини журналда эълон қилдик. 1991-1992 йилларда адабиёт газетасига кўп босимлар ўтказилган. Эски тузум ўлиб, янгиси шаклланмаган пайтда жуда жиддий ишлаганмиз. Газета катта тиражда чиқарди, ҳар куни йирик мақолалар берганмиз, Дадахон Нурийнинг «Шаҳарга бомба керакми?», Шавкат Раҳмоннинг «Махфия» мақоласи, аёллар турмасидан, туғуруқхоналардан репортажлар берганмиз. Авваллари ёзиш умуман мумкин бўлмаган мавзуларга қўл урганмиз. Карим Баҳриев, Мукаррама Муродова, Шарифа Салимова кабиларнинг мақолалари, Мирзо Кенжабек, Шодмон Отабекнинг тил ҳақидаги мақолалари бомбадек гумбурлаган. Шуларни асослаб шу муаммоларни кўтарганмиз, цензурадан ўтказганмиз.

Миллий журналистика бирор воқеани кўтариб, шовқин-сурон солиш ва бу билан обрў орттириш босқичидан ўтди. Газетхон жиддий ўзгарди. Ён-атрофимизда, касби бошқа бўлса ҳам, ижодкор каби танқидий-таҳлилий фикрлайдиган одамлар бор. Юпанчим шуки, жамиятнинг катта қисми матбуот ҳақида тўғри тасаввурга эга. Лекин ўзи ҳақидаги ҳақиқатни билишдан қўрқадиган одамлар бор, улар матбуотни ёмон кўради.

Дунёга қарайлик – ривожланган мамлакатларда ота-оналар болаларини гаджетлардан босма нашрларга қайтаришяпти. Руҳшуносларнинг тавсияси бу. Ижтимоий тармоқларнинг хабар тарқатиш тезлигини ҳеч ким инкор этмайди, аммо биргина хабардорлик билан иш битмайди, босма нашрлар тафаккур ривожига хизмат қилади, фикрлаш қобилиятини ўстиради. Албатта, аёвсиз танлов юз беради, шундай бўлса ҳам, ишончим комилки, келажакда 22 асрга яқинлашаётган авлодларимиз қўлтиғида, албатта, айрим босма нашрлар бўлади.

Бугунги цензура: илгари мақолалар «назорат хонаси»дан ўтган бўлса, бугун бу – муҳаррирларга юкланган

Жаҳонгир Мардонов: 2-курслигимда «Ҳуррият» газетасининг дастлабки 5 та сонини ўқиганман. Диний, адабий, ижтимоий, сиёсий каби кўплаб йўналишлардаги мақолаларни учратиш мумкин. Шунда газета қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунча пайдо бўлган – ҳақиқатан газеталар халқнинг дунёқарашини, сиёсий фаоллигини оширадиган, фуқаролик позицияси нимадан иборат эканини англатадиган маърифат куйчиси ҳисобланади. Цензуранинг энг ёмон томони – жамиятда урчиб бораётган муаммоларни хаспўшлаш, юзага чиқармаслик билан бирга ижодкор қатламнинг тўғридан тўғри йўқ бўлишига олиб келади. Жамиятда ижодкорлар қатлами шаклланиши учун уларга эркин муҳит керак.

Бугун цензура йўқ, деб айтиб бўлмайди. Эшитганимиздек, авваллари газеталар чиқиши олдидан «назорат хонаси»дан ўтказилган бўлса, бугун уларнинг вазифаси бош муҳаррирлар зиммасига юкланган. Бу дегани, берилаётган танқидий материал унинг эртанги фаолиятини белгилаб турибди – ёқмай қолса, ишдан олинади. Умуман, цензурага баҳо бериш учун журналист сифатида мамлакат ОАВда берилаётган материалларга тийрак назар ташлашнинг ўзи кифоя. Давлат телеканалларини танқид қиладиган хусусий каналларда узатилаётган ахборотларни оласизми, баъзи газеталардаги материалларни мақтов, тарғиботга йўядиган интернет сайтларида бериб бориладиган материалларни кўриб, бир-биридан деярли фарқи қолмаганига гувоҳ бўласиз. Шакл фарқ қилиши мумкин – моҳият ва мазмун деярли бир хил. Тўғри, хусусий каналлар ва сайтларда танқидий материаллар берилиб турибди, аммо булар ёзилиши керак бўлган муаммолар олдида бир эпизодик материал. Ёки адабиётга эътибор беринг, ўтган асрда пайдо бўлган асарлар бугун борми? Бунга сабаб, тан олиб айтиш керак, журналистикада ҳам, адабиётда ҳам мақтовдан нарига ўта олганимиз йўқ.

Бошида «қамчи ўйнатиб» турилган замонда ижод қилган катта авлод журналистлари бугунги кундаги нисбатан эркинликдан шукрона айтиши мумкин, лекин ёш авлод журналистлари соҳани тарих билан таққослашдан кўра замон тенденциялари билан солиштиришини хоҳлайди.

Тақиқдаги мавзулар

Аҳмаджон Мелибоев: Собиқ тузум пайтида диний мавзу мутлақо тақиқланган, бунга диннинг давлатдан ажратилгани сабаб қилиб кўрсатиларди. Диндорлар жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзолари экани инобатга олинмасди. Биз биринчи бўлиб, адабиёт газетасида исломий одоблар хусусида «Жума ўгитлари» деган рукн очганмиз, «Ибодат мангу ҳақиқатдир» сарлавҳаси остида муфтий ҳазратлари билан суҳбат эълон қилганмиз.

Ўша пайтда болалар ўлими, пахтага сепиладиган заҳарли бутифос, камқонлик ҳақида ёзиш мумкин эмасди. Ёш қизлар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўп эди, булар ҳақида, ҳарбий мавзуда ёзиш ва ҳарбий қисмлардан репортаж қилишга ҳеч кимга ижозат берилмасди.

Мустақилликнинг илк йилларида жуда қизиқ ҳолат бўлди. Биз империя таркибидан чиқдик, энди нимани ёзиш керак деган савол туғилди. Ҳеч ким ҳеч нарса ёза олмай қолди. 1991 йилни газетада «Жамият жиддий ўзгариши керак, дунёга чиқишимиз зарур», деган даъват билан бошладик (Қаранг: «ЎзАС», 1991, 6 январь). Куз бошида мустақиллик эълон қилинди. Шунда публицистларимиз бир-бирига қараб қолишди: энди нимани ёзамиз? Айримлар эҳтиёткорлик йўлини тутиб, бир чеккага ўтиб, талотўпли жараёнларни кузатиб туришди. Дастлабки қийинчиликларни кўриб, «шу мустақиллик ўзи керакмиди?» деганлар ҳам бўлган. Ҳайрон қоламан: ўша йиллари шундай фикрда бўлганлар, М.Горбачёвнинг маккорона референдумида иттифоқдош республикаларнинг янгиланган иттифоқ таркибида қолишини қўллаб-қувватлаганлар кейинчалик бир думалаб, истиқлол куйчиларига айланишди. “«Биз курашганмиз, биз айтганмиз» дегувчилар кўпайиб кетди. 1991 йилда мустақилликка эришган бўлсак, 1995 йилгача кўп киши партия билетини топширмаган. Эркин Воҳидов «фирқа билетимни отганим бўлсин», деб шеър ёзган. Кўплар ҳар эҳтимолга қарши воқеалар ривожи қаёққа бурилишини кутиб туришган. Адабиёт газетаси саҳифаларини варақлаган киши бунга ишонч ҳосил қилади.

Бугунги оғриқлар: ёш авлодни нималар ўйлантиради?

Жаҳонгир Мардонов: Телевидение савияси йилдан йилга ўлиб боряпти. Хусусий телевидениелар интрига, шоу-бизнес ортидан қувган, аксариятида шов-шувга қурилган ток-шоулар. Демократия ва сўз эркинлигини байроқ қилиб медиа майдонга кириб келган аксарият блогерлар ўрни келганда давлат телеканалларидан-да ошиб тушадиган «тарғибот машиналари» сифатида ишлашга ўтган. Бошқача айтганда, маълум бир шахсларнинг тарғиботини бирваракайига тарқатиш билан банд. Давлат ОАВнинг таъминоти давлатдан бўлса, хусусий ОАВ ва блогерлар таъминоти шахслар билан боғланган(дек гўё). Ҳар иккаида ҳам «еган оғиз уялар» нақлига асосан, таъминотини қўллаб-қувватлаганларнинг «куйига ўйнаш»га мажбур бўлмоқда. Натижада эса мамлакат ОАВ – оммавий ахборот воситалари ОТВ – оммавий ташвиқот воситалари бўлиб бормоқда.

Манфаатдорлиги бор ОАВ (ҳомийларини, реклама буюртмачиларини ёки давлатни) табиийки, мақтаб материал беради. Натижада хоҳ хусусий бўлсин, хоҳ давлатники бўлсин – мамлакатдаги вазиятни нореаллик асосида тасвирлайди.

Қачонки «юқоридан» бўладиган босимга қудрати етсагина, у эркин матбуот сифатида жамият учун, унинг муаммолари учун хизмат қилади. Чунки унинг аудиторияси – халқ. Бу курашувда ОАВнинг қалқони – фақат одил суд тизими, чиқарилган қонун ва қарорларнинг ишлаши бўлиб қолади. Шу ўринда Карим Баҳриевнинг «Сўз эркинлиги хусусида сўз» китобидан бир иқтибос келтираман: «Демократия қонунларда ёзилган нарсаларда эмас, бу қонунларга қандай риоя қилинаётганида кўринади».

Катта авлод ёшларга қандай маслаҳат беради?

Аҳмаджон Мелибоев: Ўзинг ишонмаган нарсага бошқаларни ишонтиришга уринма. Билган, тушунган нарсалар ҳақида ёз. Нима учун ёзаётганингни бил. Виждонинг олдида мулзам бўлиб қолишдан қўрқ. Бу ёруғ оламдаги энг масъулиятли ҳисобот – ҳар бир кишининг ўз виждони олдидаги ҳисобот эканлигини унутма. Ҳақ бўлсанг, қўрқма, дадил олдинга интил.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид