Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шўртан ГКМ қувватларини кенгайтиришга 1,8 млрд доллар йўналтирилади
Шавкат Мирзиёев Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини 3 баробарга кенгайтириш лойиҳасига старт берди. Лойиҳа қиймати – 1,8 млрд доллар. У “Uzbekistan GTL” заводи ёнида қурилади.
Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 25 декабрь куни “Uzbekistan GTL” заводининг очилиш маросими бўлди. Маросим доирасида яна бир корхона – Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватини 3 баробарга кенгайтириш бўйича лойиҳа қурилишига ҳам старт берилди.
Бу лойиҳанинг қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлиб, “Uzbekistan GTL” заводи ёнида қурилади. Унда 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобига йилига 280 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна полипропилен тайёрланади. Яна мингга яқин иш ўрни очилади.
Шу тариқа, Шўртанда Ўзбекистондаги биринчи йирик газ-кимё кластерига асос солинади. Бу кластерда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирги 290 миллион доллардан 2025 йилда 1,8 миллиард долларга етказилади. Яъни 6 баробарга ошади.
Таъкидланишича, бу кластер тизимидаги корхоналар 1 долларлик хомашёдан 10 долларлик юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар яратади.
Икки янги мажмуа нафақат ўзининг маҳсулоти орқали, балки бошқа саноат соҳаларида 100 миллион долларлик бутловчи ва эҳтиёт қисмлар учун бозор шакллантиради.
Шавкат Мирзиёев янги корхона қурилишига тамал тоши қўйди.
“Uzbekistan GTL” заводи ҳақида
25 декабрда расман очилган “Uzbekistan GTL” заводи – мамлакатда ва умуман минтақада нефть-газ-кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхона.
Мажмуада йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газ қайта ишланиб, қиймати 1 миллиард доллардан зиёд 1,5 миллион тонна тайёр суюқ маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Жумладан, 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.
Ушбу маҳсулотлар ҳисобига, йилига 500 миллион долларлик импорт ўрни қопланади, 200 миллион долларлик экспорт ва 2 триллион сўмлик солиқ тушумлари таъминланади.
“Натижадорлик жиҳатидан айтганда, бу ерда табиий газ 3 баробар юқори қийматли тайёр маҳсулотларга айлантирилади. Хусусан, авиакеросин жуда тоза ва сифатли бўлиб, энг замонавий самолётларга мўлжаллангани учун унга ҳамиша талаб бор. Заводда ишлаб чиқариладиган дизель ёқилғиси ҳам камида Евро-6 стандартларига мос бўлади. Бу маҳсулотлар мамлакатимиздаги логистика марказларини ривожлантириш ва авиация хабларини ташкил қилишга мустаҳкам замин яратади.
Халқаро энергетика агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, GTL маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2030 йилга бориб 2 баробар ўсади. Шу боис янада юқори қўшилган қийматли бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳам режалаштирилган. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланган. Бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, текстиль, чарм ва мебель, қурилиш материаллари ва электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади”, – дейилади расмий хабарда.
Шавкат Мирзиёев бугунги кунда бутун дунё “яшил иқтисодиёт”га ўтаётгани, савдо-сотиқда шу борада талаблар қўяётганини қайд этди. Маълум қилинишича, “Uzbekistan GTL” маҳсулотлари жаҳондаги энг юқори экологик талаблар ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Бу ерда тайёрланадиган синтетик ёқилғи анъанавий ёқилғиларга нисбатан 40 фоиз кам чиқинди ва зарарли газ ҳосил қилади. Бунинг ҳисобидан, йилига 13 минг 500 тонна зарарли газларнинг ҳавога тарқалишига йўл қўйилмайди.
“Завод ишга тушганидан кейин жами 1 300 та мутахассис юқори даромадли, доимий иш ўрнига эга бўлади. Мени қувонтирадигани, завод қурилишида қатнашган мутахассисларнинг қарийб 80 фоизи – ўзимизнинг маҳаллий кадрлар, янгича ишлашга чанқоқ ёшлар. Бу тажриба келгусида мамлакатимизда янги саноат объектларини ўз кучимиз билан барпо этишда албатта жуда керак бўлади.
Бу ёшлар – Янги Ўзбекистон ёшлари. Улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда “олтин фонд”имизга айланади”, – деди президент.
Ўқув дастурларини замонавий талаблар асосида қайта кўриб чиқиш, талабалар амалиётини шу заводда ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Маросимда “Uzbekistan GTL” заводининг техник директори Марсель Юрген Краузе, “Hyundai Engineering” компанияси президенти Ким Чанг Хаг, “Газпромбанк” бошқаруви раиси ўринбосари Алексей Матвеев, “Air Products and Chemicals” компанияси президенти Сейфи Гасемий сўзга чиқиб, янги заводнинг аҳамиятини қайд этди.
Тадбирда меҳнат фахрийлари ва ишчиларнинг ота-оналари ҳам сўз олди.
Мавзуга оид
20:17 / 27.12.2024
Учта вилоятда «булутли» маълумотлар маркази ишга туширилади
07:50 / 27.12.2024
Ўзбекистон президентининг Россияга амалий ташрифи якунланди
20:15 / 26.12.2024
Мирзиёев: ЕОИИ давлатлари фуқароларига ички ҳужжатлари билан Ўзбекистонга кириш имконини беришга тайёрмиз
21:19 / 21.12.2024