Ўзбекистон | 17:53 / 25.12.2021
29414
5 дақиқада ўқилади

Совуқ кунларда одамлар жонига ора кираётган антиқа «опилка-печка»

Кунлар совиши ҳамоно қишлоқларда уй иситиш муаммоси кўндаланг бўлади. Кимдир ёзда «бирам яхши» ёнаётган гази совуқ тушгач пастлаб қолганидан шикоят қилса, бошқаси бир машина ўтинни фалон пулга олдим, деб «мақтанади».

Кўмир сотадиган масканлар ҳам шу кунларда анча «қимирлаб» қолган. Қишлоқ одамлари кўкламга эсон-омон чиқиб олиш ҳақида ўйлайди.

Фарғона вилоятининг айрим қишлоқларида «опилка-печка» анча оммалашган. Одамлар совуқ кунлар бошланмасдан цехларига аввалдан пулини тўлаб, ёғоч қипиғини харид қилиб қўйишар экан. Чунки қишда опилка нархи кўтарилиб кетади.

Қўштепа тумани Дўрмон қишлоғидаги ёғочга ишлов бериш цехида ишловчи Муҳаммадзоир Неъматовдан ёғоч қипиғи ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, бир прицеп «опилка» цехда 2-3 ойда тўпланар экан. Айни пайтда бир прицеп опилка нархи ўртача 2 миллион сўмдан сотилаётган экан. «Мавсум»да «опилка» нархи 2,5–3 миллион сўмгача кўтарилади.

Хўжалик моллари сотиладиган дўконларнинг биридан «опилка-печка»ни қидириб топдик. Сотувчи бундай печка 150 минг сўмдан сотилаётганини айтди.

Сўнг аломат печка қандай ишлашини билиш мақсадида шу қишлоқда яшовчи фуқаролардан бири Рўзматжон Назиров хонадонига кирдик. Хонадон соҳиби қопларда қипиқларни қишга ҳозирлаб қўйган экан.

Рўзмат ака печканинг ишлаши, уй иситиш учун қулай бўлган томонларини санаб ўтди.

«Газ келмай қўйганидан кейин «опилка» ёқишни бошлаганмиз. Яхши томони — ундан ҳид чиқмас экан. Нафас йўллари касали билан оғриётган беморлар учун бу айни муддао. Турмуш ўртоғимнинг кўмир ва ўтин тутунига аллергияси бўлгани учун ҳам арратопон (қипиқни шундай дейишар экан — С.З.) сотиб олдик. Унинг энг қулай томони — ҳиди йўқлиги.

Печкага бир марта «заправка» қилинган опилка 10 соат давомида уйни иситиб турар экан. Эрталаб печкага қипиқ солсангиз кечгача уйингиз иссиқ туради. Агар печкангиз каттароқ бўлса, унга 2 қоп ёғоч қипиғи сиғадиган бўлса, уйингиз бир сутка давомида исийди».

Печка ичига солган қипиқнинг кули ҳам қолмайди. Ёниб кул бўлиб йўқ бўлиб кетади. Агар печкага ўтин ёки кўмир солсангиз унинг кулини тозалаш керак. Бу печкада эса ундай эмас», — дейди Рўзмат ака.

Рўзмат ака кўпчилик баҳордаёқ қипиқни уйларига олиб келиб қишга ғарам қилиб қўйиши ҳақида гапириб берди.

«Қишлоқ аҳли баҳордаёқ ҳаракатга тушиб қолади. Арзонлигида бир «прицеп» арратопон «ағдариб» олади. Баҳорда топон олишга улгурмаганлар иложсизликдан қишда қимматлигига қарамай сотиб олишга мажбур.

Чол ва кампир арратопон печкада исиняпмиз. Келинлар учун алоҳида хонада кўмир ва ўтин ёқилади. Кундузи келинлар ва ўғиллар ҳаммаси бир оилада жам бўлиб опилка печка ўрнатилган уйда жон сақлаймиз», — дейди у.

Оила бошлиғи қурилма дудбурони ёрдамида уй ҳароратини кўтариш мумкинлиги хусусида ҳам тўхталди.

«Шамол эсганида озроқ тутун қайтариши мумкин. Бошқа ноқулай томонлари йўқ. Уй ҳароратини бир хилда ушлаб туради. Ўтинга ўхшаб «гув» этиб ёниб, уйни тезда иситиб юбориб, кейин ўчиб қолмайди. Печканинг «димоходи» бор. Каттароқ очиб қўйсангиз тезроқ ёнади. «Димоходини» озроқ беркитиб қўйсангиз, секинроқ ёнади», — дейди у.

Рўзмат ака печкани ёғоч қипиғи билан қандай тўлдиришни кўрсатиб берди. Тутун учун йўл ҳосил қилиш  учун печканинг пастки туйнугига бир ёғоч ҳамда унга перпендикуляр тарзда тепа қисмидан ҳам ёғоч солинади. Сўнгра идишга қипиқ тўлдириб унинг устига чиқиб, оёқ билан яхшилаб босилар экан.

«Агар қипиқ яхшилаб босилмаса, яхши ёнмайди, ҳам уйга тутун қайтариши мумкин. Печка ичида ҳаво айланиши керак. Қўни-қўшниларим ҳам ҳолатига қараб опилка печкадан, айримлар эса ўтин ва кўмирдан фойдаланишади», — дейди Рўзмат ака.

Рўзмат аканинг айтишича, дарахт қипиғи ун қопига солинса, ичида яхши қурийди. Целлофан қопда қипиқ таркибидаги сув буғланмасдан, нам ҳолича тураверар экан.

Қишлоққа табиий газ келмай қўйганидан бошлаб аҳоли аллақачон шароитга мослашган. Улар опилка печка сингари уй иситишга мослаштирилган «кашфиётлар» қилишда давом этмоқда.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид