Жамият | 13:37 / 28.12.2021
11136
2 дақиқада ўқилади

ДХХ Қорақалпоғистон, Сирдарё ва Наманганда гиёҳванд моддаларни мусодара қилди

Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд-Беруний йўналишида ҳаракатланган “Кобальт” русумли автомашина Хоразм вилоятидаги “Саримой” йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. 

Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Тўрткўл туманида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам икки маротаба судланган фуқаро ёнида 1 кг “героин” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, мазкур гиёҳванд модда тожикистонлик наркокурьерлар томонидан Самарқанд вилоятининг Ургут тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилган. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ховос туманида яшовчи, 2000 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ўзбек-тожик давлат чегараси ҳудудида тўхтатилиб текширилганда, уларнинг ёнида 1 кг 815 гр “гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. 

Аниқланишича, улар қўшни давлат ҳудудига ноқонуний ўтиб, тожикистонлик танишларидан наркотик моддани олиб, Ўзбекистонга қайтишган.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу наркотикнинг буюртмачиси, 1985 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ҳам қўлга олинди. 

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида эса Андижон-Наманган йўналишида ҳаракатланиб келаётган, Уйчи туманида яшовчи, 1979 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашина “Норин” йўл-патрул хизмати масканида тўхтатилди. 

Автомашина кўздан кечирилганда, унинг салонида 942 гр “гашиш” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилди. 

Аниқланишича, ушбу “гашиш” моддаси қирғизистонлик наркокурьерлар томонидан Андижон вилоятига олиб ўтилган. 

Ҳозирда мазкур ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид