Жамият | 19:51 / 28.12.2021
13623
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Кармана ХТБ мудири ишдан олинди

Kun.uz суриштируви ортидан Навоий вилояти Кармана тумани ХТБ мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Насиба Содиқова вазифасидан озод этилди. Методист ва бош ҳисобчини ишдан олиш юзасидан топшириқ берилган.

Фото: Kun.uz

Халқ таълими вазирлиги Кармана тумани ХТБ чет тили ўқитувчиларига тарқатилаётган 1 млн сўм маблағни нақд кўринишида бериб, бозор нархи 60 минг сўм бўлган китоблар тўпламини 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлгани ҳақидаги маълумот юзасидан муносабат билдирди.

Вазирлик баёнотига кўра, Kun.uz сайти суриштирувидаги фактлар ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганилган, ўрганиш жараёнида бу маълумотлар ўз тасдиғини топган.

«Ўрганиш хулосаларига кўра, ҳолат ўз тасдиғини топди. Шу боис, Халқ таълими вазирлигининг бир неча бор мазкур ҳолат юзасидан огоҳлантиришига қарамай ушбу ҳолатга йўл қўйганлиги учун Кармана тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинча бажарувчи ўз вазифасидан озод этилди. Кармана тумани ХТБнинг бош ҳисобчиси ва хорижий тиллар методистини лавозимидан озод этиш юзасидан вазирлик раҳбарияти томонидан топшириқ берилди.

Халқ таълими вазирлиги юқоридаги каби ҳолатлар қайтарилиб, ўз тасдиғини топган тақдирда кескин ва аёвсиз чора кўрилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантиради», дейилади вазирлик баёнотида.

Кармана тумани ХТБ мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Насиба Содиқова

Kun.uz Кармана тумани ХТБ мутасаддилари Халқ таълими вазирлиги баёнотига зид равишда  чет тили ўқитувчиларига тарқатилаётган 1 млн сўм маблағни нақд кўринишида бериб, бозор нархи 60 минг сўм бўлган китобни 483 минг сўмдан пулламоқчи бўлгани юзасидан суриштирув ўтказганди. Суриштирув жараёнида тумандаги мактабларга мажбурий равишда китоб тарқатилгани ва уларнинг пули ўқитувчиларга берилган 1 млн сўм пулдан қайтариб қолингани аниқланганди.

Мавзуга оид