Ўзбекистон | 15:14 / 30.12.2021
19640
3 дақиқада ўқилади

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ собиқ бош директори 8 йилга қамалди

Муратбай Базаримбетов 15 минг доллар пора билан қўлга тушганди. У тадбиркорнинг трансформаторини тармоққа улаб бериш учун шунча пул талаб қилган. Суд Базаримбетовни 8 йилга, унинг жиноий шеригини 6 йилга қамоқхонага жўнатди.

Фото:“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ

“Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ собиқ бош директори Муратбай Базаримбетов 2020 йил декабрь ойида жиноий шериги К.Б. билан олдиндан тил бириктириб, тадбиркорнинг трансформаторини тармоққа улаб бериш эвазига 15 минг доллар пора олганида ушланган эди. Бу ҳақда йил бошида Kun.uz ўз манбаларига таяниб хабар қилганди.

Хоразм вилояти судидан маълум қилишларича, Муратбай Базаримбетов ва К.Б. олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, Тупроққалъа тумани, Саримой посёлкасида янгидан ташкил қилинаётган “B.A.M.” МЧЖга қарашли автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаси учун ўрнатиладиган трансформатор пунктини электр линиясига улаб бериш учун пора талаб қилишган.

К.Б. Хонқа туман ҳудудида З.А.дан 15 минг АҚШ долларини Муратбай Базаримбетовга пора тариқасида етказиш учун олган вақтида ушланган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан давом эттирилган тадбир натижасида Муратбай Базаримбетов К.Б. орқали 15 минг АҚШ долларини тамагирлик йўли билан пора тариқасида олган вақтида ушланган.

Хива шаҳар судининг ҳукмига кўра, Муратбай Базаримбетов Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилган. У 3 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

К.Б. Жиноят кодексининг 28- ва 210-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилган. У 2 йил давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ва жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Хоразм вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳукмни ўзгаришсиз, апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдирган.

Мавзуга оид