Ўзбекистон | 18:55 / 31.12.2021
55275
5 дақиқада ўқилади

“2016 йил бизнесдан четлатилдим, ишсиз қолдим, шофёр бўлишга ҳам тайёр эдим...”

“Трансформация” кўрсатувининг галдаги меҳмони ўз бизнесини ертўлада бошлаган, 25 йилда бизнесни 8 марта трансформация қилган, муваффақиятли тадбиркор Ҳасан Мамасаидов.

Decos, MFaktor, Impulse Business Hub асосчиси бундан 25 йил аввал 10 минг доллар қарз эвазига бошланган бизнеси, қимматга тушган хатолари ва муваффақиятли бизнесининг сирлари ҳақида гапириб берди.

Бизнесда стратегик хатолар

Бизнесда кеча фойда берган стратегия бугунга келиб натижа бермаслиги мумкин. Йирик оилавий бизнес эгасининг айтишича, 25 йиллик фаолият давомида 8 маротаба трансформация амалга оширилган. Биргина MFactor лойиҳасининг ҳар бир сонида бунга алоҳида эътибор берилади: “Бизда тинимсиз трансформация олиб борилади. Кечаги қўлланмаларимиздан бугун қониқмаслигимиз керак. Ишимиздан қониқиш ҳосил қилсак тўхтаб қолишимиз мумкин.

Бизнесда стратегияни тўғри қўйиш трансформация билан боғлиқ. Шунча йиллик фаолиятимизда ҳар 2-3 йилда ҳам ботиний (ички), ҳам зоҳирий (ташқи) трансформацияни амалга ошириб келамиз.

Трансформация аслида бу кризис дегани. Инқирозга дуч келдингми, ўзгаришинг шарт. Трансформация қилмасанг синасан! Дунё ўзгариши учун аввало ўзимиз ўзгаришимиз зарур”.

Оилавий бизнесда аҳиллик ва оқибат – конституциянинг биринчи моддаси!

Оилавий тарзда тадбиркорликни йўлга қўйиш осон эмас, балки бошқаларига нисбатан мушкулроқ иш. Аммо ўзаро инсонийлик қоидаларига амал қилинса ортиқча кўнгилсизликларга йўл қўйилмайди. Мамасаидовлар оиласининг оилавий кенгашлари доим ёзиб олинади ва шу кунга қадар бирор марта бу ёзувларни қайта кўришга сабаб бўлмаган. Чунки ўзаро қадриятлар доим устувор ҳисобланади.

“Оилавий кенгашимизнинг видеотасмаларга ёзилиши эса биздан кейинги авлодларимиз учун дастур бўлиб хизмат қилсин деймиз. Улар кўриб керакли маълумотлар олиши учун ёзувларни сақлаб қўямиз. Бу биз фарзандларнинг ўртамизда конфликтлар бўлмайди дегани эмас. Аммо шундай вазиятда бошқалар адолат нуқтайи назаридан баҳсга ўрин қолдиришмайди” дея изоҳ беради Ҳасан Мамасаидов.

Бизнесда олинган энг катта зарба – 400 000 долларга тушган 

Бугун етакчи тадбиркорлардан бири бўлган катта Мамасаидов оз эмас, кўп эмас нақ 400 000 АҚШ доллари миқдорида зарар кўргани ва бу пайтда яқинларининг қўллаб-қувватлашгани ҳақида эслаб ўтди.

“Ўзбекистон бозорида хорижий валютанинг қимматлашуви оқибатида олинган маҳсулотларим нархида кескин ўзгариш бўлди ва 400 минг доллар зарар кўрдим. “Қимматга тушган хатолар” номли кўрсатувимизда бу ҳақида батафсил тўхталганман. Шундан сўнг 38 ёшимда бизнесдан четлашишга мажбур бўлдим. 2016 йилда 2-маротаба бизнесда шахсий кризисга учрадим. Москвага бориб иш қидирдим, Корзинка, Артел,Экопенда ишга олишмади. Бир йил ўтиб - 2017 йилда яна бизнесга қайтдим. Бу MFactor’ни яратишга сабаб бўлди ва бу лойиҳа менга омад олиб келди” дея хотирлайди у.

Ўзбек мардикор эмас, тадбиркор бўлсин – иш қидириб хорижга кетаётган ёшлар ҳақида

Ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорликда республика бўйлаб ўтказилган бизнес марафонларда таниқли ва тажрибали тадбиркорлар ҳамда ёш тадбиркорлар ўртасида учрашувлар ташкил қилинди. Ушбу спикерлардан бири – Мамасаидовлар оиласи вакиллари бўлди.

“Ўнлаб тадбиркор-спикерлар республиканинг турли ҳудудларида ўтказилган бизнес марафонларда текинга бориб ёшларимизга илм, қадрият, ибрат тарқатиб тренинглар ўтиб беришди. Ўзбекистонда лимон бўлган қатлам лимонадга айланиши керак. Ёшларимизнинг вақти зое кетмасин. Уларни тўғри йўналтиришимиз керак.

Юртимизда дискотека- ю, наркотиклар кўпайгандан кўра тижоратчиларнинг, тадбиркорларнинг, мотиваторларнинг кўпайгани яхши. Чунки улар амалда яхши натижаларга эриша олишгани билан ўрнак бўла олишади, ёшларнинг муносабати ўзгаради.

Ўзбек деганда мардикорни эмас, тадбиркорни тасаввур қилсин хориждагилар. Бугун жуда кўп ёшларимиз келажакларини хорижда ишлаш билан боғлаяпти. Кеча уйланиб, бугун оиласини, фарзандларини ташлаб ишлаш учун кетишяпти ёшларимиз. Қанчаси йўлларда, автобусларда ҳалок бўлишяпти. Билими, тушунчаси, тажрибаси, пули бўлса ҳеч ким истамайди чет элда ишлашни.

Бугунги кучимиз, шижоатимиз, тажрибамиз ғанимат. Буни ёшларга улашишимиз керак” деди тадбиркор.

Шунингдек:

  • Сомса тарқатаётган тадбиркорлар;
  • Олинган 10 минг доллар қарз қандай қайтарилгани ҳақида;

Трансформация кўрсатувининг жамиятга бераётган фойдаси ҳақидаги изоҳлар учун бериладиган ўн миллионлик ваучерлар кимга насиб қилади?

Ҳасан Мамасаидовдан ҳаёт календарини тузиш юзасидан маслаҳатларни кўрсатувнинг тўлиқ вариантини кўриш орқали билиш мумкин.

Кўрсатув ҳомийси: TezElon - тез топинг, тез сотинг! 

Кўрсатув муаллифи ва бошловчи – Аббос Ризқиев.

Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид