ССВ: Бемор болаларга президент совғалари топширилди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказига ётқизилган, ҳафталаб, ойлаб турли хасталикларга қарши муолажа олаётган болаларга президент совғалари топширилгани ҳақида хабар берди.
«Мамлакатимиз раҳбари янги йил арафасида ана шундай бемор болаларга қувонч улашишни ҳам эътибордан четда қолдирмади. Бугун Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири Б. Мусаев юртбошимиз топшириғи асосида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган болажонлар ҳузурига борди.
Эсингизда бўлса, жорий йилнинг 14 май куни давлатимиз раҳбари ушбу муассасага ташриф буюриб, бу ерда даволанаётган болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашган эди. Орадан кўп ўтмай, яъни 27 май куни президентимизнинг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бундан ташқари, мамлакатимиз раҳбари ташрифидан сўнг Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази янгидан қурилган замонавий биноларга жойлаштирилди.
Янги мажмуалардан катталар ва болалар учун алоҳида қабул ҳамда даволаш бўлимлари ўрин олган. Мавжуд палаталар бир ва икки кишилик бўлиб, санитария хоналари ичида жойлашган. Бу эса турли инфекцияларга чалинган беморлар мулоқотини чеклаш имконини беради. Шунингдек, бу ерда хасталикка чалинган болаларнинг зарур дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланганлиги ота-оналарнинг чексиз қувончига сабаб бўлмоқда.
Жонлантириш бўлими сунъий нафас олиш, кардиомониторлар, инфузоматлар, ультра тўлқин аппаратлари каби қатор илғор тиббий ускуналар билан жиҳозланган. Бу ерда онкогематологик касалликларга юқори технологиялар ва илғор усуллар ёрдамида ташхис қўйилмоқда.
Қолаверса, муассасада Россиянинг Д.Рогачев номидаги маркази тажрибаси асосида илгари тасаввур қилиш ҳам қийин бўлган жарроҳлик, интенсив терапия, трансфузиология ва трансплантология, радио диагностика, бактериологик лаборатория, махсус овқат тайёрлаш бўлимлари ҳамда болалар учун таълим олиш марказлари ташкил этилди.
Бундай янгиланишлар натижасида муассасада юқори дозали ва интенсив полихимиотерапия даво усули амалиётга татбиқ этилди. Қолаверса, ўткир лимфобласт лейкозларни янги ишланмалар ёрдамида муолажа қилиш йўлга қўйилди. Бу орқали бундай хасталикка чалинган беморларнинг тўлиқ соғайиш даражаси 85 фоизгача кўтарилмоқда.
Ҳозир муассасада даволанаётган беморлардан 177 нафарини болалар ташкил этади.
Марказга ташриф буюрган масъуллар бу ерда муолажа олаётган ўғил-қизлар билан суҳбатлашиб, уларнинг аҳволи, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Шундан сўнг кичкинтойларни байрам билан табриклаб, ҳар бирига Янги йил совғаларини топширди», дейилади вазирлик хабарида.
Мавзуга оид
11:00 / 15.10.2024
Ўзбекистон ва Венгрия саратон касаллигини даволаш соҳасида ҳамкорлик қилади
20:54 / 05.06.2024
“Далилларга асосланган ҳаракат” – Ўзбекистонда илк марта болалар онкологияси ва гематологияси бўйича халқаро конгресс ўтказилмоқда
08:32 / 29.05.2024
Ўзбекистонга россиялик педиатрия ва онкология соҳаси мутахассислари юборилади
19:11 / 23.05.2024