Ўзбекистон | 14:47 / 06.01.2022
4578
2 дақиқада ўқилади

Экоқўмита Нукусда каллакланган дарахтлар воқеаси юзасидан тушунтириш берди

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Нукус–Тахтакўпир айланма йўли ёқасидаги 300 тупдан зиёд дарахт каллаклангани, бунинг оқибатида хунук манзара ҳосил бўлгани, дарахтларнинг шохлари, устки қисми кесилгани ва улар гўёки симсиз симёғочга айлангани ҳақида Kun.uz мухбири хабар қилганди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида воқеа содир бўлган жойга эколог ва дендрологларни сафарбар қилган. Ҳолат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат бўйича Нукус шаҳар инспекцияси ва «Қорақалпоқ йўлкўкалам» унитар корхонаси мутахассислари томонидан жойига чиқиб ўрганилган. 

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Аниқланишича, «Қорақалпоқ йўлкўкалам» унитар корхонаси мутахассислари томонидан «Нукус-Чимбой-Тахтакўпир» йўлининг 14-километри бўйидаги дарахтларга 2021 йил октябрь ойида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида шакл берилган.

Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан дарахтларга шакл бериш ишлари тўғри олиб борилганлиги тўғрисида хулоса берилган.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

«Бу дарахтлар садақайрағочдир. Улар айнан шундай каллакланади. Йўл ёқаси аллея қилинган ва дарахтлар баланд бўлиб кетмаслиги, чиройли, юмалоқ шаклга кириб, эстетик завқ бериши учун аллеяга экилган. Дарахтлар аллеядаги чим ва гул кўчатларига соя бериб, тўсиб қўймаслиги учун энига ўстирилади. Агар шундай буталмаса, бўйига ўсиб, шохлари тарвақайлаб, бесўнақай кўринишга келиб қолиши мумкин. Бу жой йўл ёқаси, одамлар айланиб юрадиган истироҳат маскани эмас. Шу туфайли энг аввало эстетик ҳолатига эътибор берилади. Давлат раҳбарининг Нукусга ташрифи давомида ўша аллея ҳам тақдим қилинади», деб тушунтириш берди Экоқўмита бошқарма бошлиғи Абдурашид Содиқов.

Фото: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Мавзуга оид