Ўзбекистон | 21:27 / 06.01.2022
15769
4 дақиқада ўқилади

Ҳуқуқшуносларни тайёрловчи таълим даргоҳида қонунлар бузилмоқда

Адлия вазирлигининг Самарқанд юридик техникумида ўқитувчи вазифасида ишлаб келган Норбек Алқаров ғайриқонуний тарзда ишдан бўшатилган. Суднинг ишга тиклаш ҳақидаги қарори бажарилмаяпти.

Умуман, Алқаровнинг ишдан бўшатилиш тарихи аслида ғалати. Бироқ техникум маъмуриятининг Kun.uz сўровига жавоб беришдан турфа йўл излаб қочаётгани янада ажабланарли.

Гапни бошидан бошласак. Президентнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2021 йил 28 июн куни Адлия вазирлигининг Самарқанд юридик техникуми ходимлари онлайн шаклда аттестациядан ўтказилган. Комиссия хулосасига кўра, Алқаров ушбу аттестациядан ўтолмайди. Айнан ўша хулосага асосланиб, техникум директори вазифасини вақтинча бажарувчи Отабек Тошниёзовнинг буйруғи билан Алқаров ишдан бўшатилган.

Шундан сўнг Алқаров аттестация низом талабларига риоя қилинмагани, адолатсиз хулоса чиқарилгани, унинг жавоблари инобатга олинмаганини иддао қилиб фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига мурожаат қилади.

Суднинг 2021 йилнинг 7 октябрдаги ҳал қилув қарори билан, юридик техникумлар ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича Адлия вазирлиги комиссиясининг 2021 йил 28 июндаги аттестация баённомасининг Норбек Алқаровга оид қисми бекор қилинади. Техникум директори вазифасини вақтинча бажарувчи Отақуловнинг 2021 йил 15 июлдаги Алқаров билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилади.

Суд даъвогар Алқаров аввалги лавозимига тикланиши, техникум ҳисобидан унинг фойдасига мажбурий прогул кунлари учун 11 190 102 сўм иш ҳақи ундиришга қарор қилади. Ҳал қилув қарорининг ишга тиклаш қисми дарҳол ижрога қаратилиши сўралади.

Алқаровнинг айтишича, 2020 йилда ўтказилган аттестацияда ҳам уч нафар ўқитувчи ошна-оғайнигарчилик, таниш-билишчилик оқибатида аттестациядан ўтказилмаган. Адлия вазирлигига қилинган мурожаатдан сўнг танлов адолатсиз ўтказилгани аниқланган ва айбдорлар жазоланган. 2021 йилда ҳам эски сценарий такрорланаётгани маълум қилди.

Иккинчи томонни ҳам эшитиш мақсадида техникум директори вазифасини вақтинча бажарувчи Тошниёзовнинг қўл телефонига қўнғироқ қилдик. Директор қўнғироғимизга жавоб бермагач, суд жараёнларида бевосита иштирок этган, воқеадан хабардор техникумнинг кадрлар бўлими бошлиғи Улуғбек Шамсиддинов билан 3 декабр куни телефон орқали боғландик. У дастлаб ҳолат ҳақида телефон орқали жавоб бермаслигини маълум қилди.

Шундан сўнг техникумга бориб вазият бўйича директор Тошниёзовнинг ўзидан изоҳ олишни мақсад қилдик. Афсуски, техникумдагилар ҳам бизни на директор билан телефон орқали боғлаб беришди, на унинг ўзини муассасада учратдик. Яна Улуғбек Шамсиддинов билан суҳбатлашдик. Аввалига телефон ва камераларсиз изоҳ бермоқчи бўлиб турган масъул, кейинроқ таътилда экани эсига тушиб қолди ва жавоб беришга мажбур эмаслигини маълум қилди.

2021 йилнинг 21 декабр куни Самарқанд вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанцияси ажрими қабул қилинди. Унда Самарқанд шаҳар судининг 2021 йил 7 октябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Демак, Самарқанд юридик техникумининг шикояти қаноатлантирилмаган.

6 январ куни Алқаров вазият ўша-ўша экани, у ишга тикланмаганини маълум қилиди. У масалага адлия вазири Русланбек Давлетов эътибор қаратишидан умид қиляпти.

Қизиқ, ушбу даргоҳда ўз номи билан ёшларга ҳуқуқ ўргатилади, шу соҳа бўйича кадрлар тайёрланади. Аммо ҳозирча Самарқанд юридик техникумида ҳуқуқлар оёқ ости бўляпти, қонунларга ҳурматсизлик ҳукмронлик қилмоқда.

Исомиддин Пўлатов,

Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид