Ўзбекистон | 20:39 / 07.01.2022
3685
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда 16 ёшли қиз 75 ёшли аёлни ўлдирганликда гумонланиб ушланди

Самарқанд шаҳрида 2005 йилда туғилган қиз уяли телефон талашиш ортидан келиб чиққан жанжалда 75 ёшли аёлни ўлдирганликда айбланиб қўлга олинган. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби хабар берди.

Хабарда ёзилишича, 2021 йил 3 январь куни соат 17:30 ларда Самарқанд шаҳрида яшовчи 75 ёшли М.Р.нинг (1947 йилда туғилган) жасади уйининг ётоқхонасида қотиллик аломатлари билан топилган.

Ҳодиса жойига вилоят прокурори биринчи ўринбосари Ҳ.Қобилов, вилоят прокурори ўринбосари С.Файзиев, шаҳар прокурори ўринбосари Б.Норбоев, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари С.Абдуҳамидов, ИИО ФМБ ЭКБ, СТЕ экспертлари ва бошқа тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган.

Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Самарқанд филиалининг дастлабки маълумотига кўра, марҳума М.Р.ни бошининг пешона ўрта ва ўнг томон соҳаларида кўкарган қонталаш шиш, чап қошида яра, бурни, иккала кўз атрофи, бўйин, ўнг ва чап қўл соҳаларида қонталаш ҳамда шилинишлардан иборат тан жароҳатлари мавжудлиги кўрсатилган.

Воқеа жойида қўл бармоқ излари, қонга ўхшаш доғлари ва соч толалари бўлган бир дона шиша бокал, 3 дона қонга ўхшаш доғлардан намуналар, 12 турдаги сарғиш тилла рангли металлдан ясалган тақинчоқлар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида ушбу қотиллик жиноятини марҳуманинг уйига меҳмонга келган 16 ёшли С.Т. қилганлиги аниқланган.

Дастлабки суриштирувларда, С.Т. 3 январь куни соат 14:00 ларда М.Р. билан уяли телефон устида келиб чиққан жанжал пайтида ётоқхонада бўлган шиша бокал билан аёлнинг бош қисмига 3 маротаба зарб билан ургани, сўнг қўллари билан уни бўғиб ўлдирган ва ҳодиса жойидан яширингани аниқланган.

Қайд этилишича, жиноят иши бўйича вояга етмаган С.Т. ҳимоячи ҳамда педагог-психолог иштирокида Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган.

Мавзуга оид