Деновдаги портлаш бўйича ҳукумат комиссияси хулосаси эълон қилинди
Чақнаш мажмуа остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувуридаги ёриқлардан табиий газ сизиб чиқиши натижасида портлаш хавфи бўлган газ-ҳаво аралашмаси ҳосил бўлиши ва унга бинодаги электр жиҳозларининг автоматлаштирилган тартибда ўчиб-ёнишида кузатиладиган учқун таъсири натижасида рўй берган.
2021 йил 7 декабр куни Сурхондарё вилояти Денов шаҳридаги «Indenim» савдо мажмуасида юз берган портлаш оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 9 киши жароҳатланди.
Бугун, 8 январ куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи, полковник Ўлмас Музаффаров АОКАда брифинг ўтказиб, воқеа юзасидан тузилган ҳукумат комиссиясининг хулосасини маълум қилди.
Йўқотишлар
Фожиа оқибатида 2 нафар киши қурбон бўлиб, 9 нафари турли даражадаги тан жароҳати олган. 140 та турар жойга, яъни 76 та ҳовли уй, 5 та кўп қаватли уйдаги 64 та хонадон, 86 та нотурар жой, умумий ҳисобда 226 та иморатга зиён етган.
Талафот кўрган 25 та бино, жумладан, 13 та турар жой ва 12 та нотурар жой бинолари яроқсиз ҳолатга келган.
Воқеа тафсилоти
2021 йил 07 декабрь куни соат 03:54да Денов тумани фавқулодда вазиятлар ва ички ишлар бўлимлари навбатчилик қисмларига Денов тумани "Боғинав" МФЙ Мустақиллик кўчасида жойлашган "Инденим" МЧЖга қарашли савдо мажмуаси биносида чақнаш содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга кўра, воқеа жойига биринчи навбатда Денов шаҳрининг, сўнгра вилоятнинг тегишли барча тезкор ва авария хизматларининг куч ва воситалари жалб этилган.
Ёнғин-қутқарув бўлинмалари томонидан қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилиб, чақнаш оқибатида мажмуанинг асосий кириш эшигидан кирилганда, ўнг томондаги 4-6 колонналар орасида 25 кв.м майдонда савдо расталари ҳамда мажмуа ичида бўлган 2 дона "Spark" ва "Cobalt" русумли енгил автомобиллардаги ёнғин бартараф этилган.
Мажмуа ҳақида
Мажмуа 2012-2013 йилларда "Сурхонматлуботсавдо" МЧЖ томонидан қурилган. 2 қаватли, майдони 4 минг 768 кв.м ни ташкил этади. Бинонинг юк кўтарувчи конструкциялари темир-бетон колоннали, биринчи ва иккинчи қаватлараро ёпмаси темир-бетон плитали, тўсувчи (секторларга бўлувчи) конструкциялар колонналари оралиғи пишган ғишт билан қурилган, том ёпмаси металл конструкциялар устидан "сендвич панел" билан қопланган.
Мажмуанинг биринчи қаватида озиқ-овқат маҳсулотлари, иккинчи қаватида кийим-кечак моллари билан савдо қилиш расталари жойлашган.
Портлаш сабаби
Ҳодиса натижасида энг кўп зарар кўрган жой бинога олд томондан кирилганда чап узоқ бурчакнинг чап томонидаги девордан тахминан 15 метр, бинонинг орқа деворидан тахминан 10 метр узоқликда жойлашган жой бўлиб, ушбу жойдаги темир-бетон конструкциялар маркази (эпицентр)дан ташқарига қараб ҳажмли портлашга хос деформацияланган.
Содир бўлган ҳажмли чақнаш ва ҳосил бўлган ортиқча босим оқибатида қаватлараро ёпманинг темир-бетон плиталари юқори томонга ва деворлари эпицентрдан қарама-қарши томонга ҳаракатга келиб, томнинг ригелларига ва юк кўтариб турувчи колонналарига зарба билан урилиши натижасида мазкур ригеллар ва колонналар шикастланиб, деформацияга учраган.
Мазкур объектда портловчи моддалар қўлланилганлиги ўрганилганда, портловчи моддалар излари мавжуд эмаслиги ҳамда портлашга хос бўлган ўзгаришлар, яъни, "воронка" ва портлатиш қурилмасининг бўлаклари аниқланмаган.
Ҳодиса содир бўлган жойда олиб борилган очиш (кавлаш) ишлари натижасида бино остидан фойдаланишда бўлмаган, диаметри 57 мм бўлган газ қувури ўтгани аниқланган. Ушбу газ қувури тўлиқ йўналиш бўйлаб очиб (кавлаб) кўрилганда, бир томони ёпилгани, иккинчи томони "Сурхон капитал мобил" МЧЖга қарашли "АСР" савдо дўконига кириш зинаси остидаги газ тармоғидан узилмагани аниқланган.
Йиллар давомида "Сурхон капитал мобил" МЧЖга қарашли "АСР" савдо дўкони биноси остки қисмидан (пойдевор орасида) ўтган газ қувурига уланган "Инденим" савдо мажмуаси биносининг остида қолиб кетган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувури мавжудлиги аниқланган.
2021 йилнинг 6 декабрь куни "Ҳудудгаз Сурхондарё" филиалининг Денов шаҳаргаз таъминоти бўлими томонидан "Сурхон капитал мобил" МЧЖга қарашли "АСР" савдо дўкони биноси остки қисмидан (пойдевор орасида) ўтган газ қувури ўрта босимли газ оқими тармоғига уланган.
Мазкур ўрта босимли (500 даПа (0,05 кгс/кв.см)дан 0,3 МПа (3 кгс/кв.см)гача) газ қувури Денов тумани ҳокимлигининг қозонхонасини газ билан таъминлаш учун 1987 йилда қурилган. 2013 йилда қувур устига "Инденим" савдо мажмуаси биноси қурилган, иш жараёнида ушбу қувурнинг ўрнига бино периметри бўйлаб ҳокимлик қозонхонасигача янги газ қувури тортилган бўлиб, бино остидаги қувур тармоқдан узилмасдан қолиб кетган.
Натижада "Инденим" савдо мажмуаси биносининг остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувурининг коррозия оқибатида ҳосил бўлган ёриқлардан (6 жойидан 3-13 см катталикда) сизиб чиққан табиий газ бинонинг ички қисмида газ-ҳаво аралашмаси йиғилиши натижасида чақнаш содир бўлган.
Комиссия хулосаси
Олиб борилган тадқиқот ва таҳлиллар натижаларига кўра, фожианинг юз беришига сабаб бўлган омиллар юзасидан Ҳукумат комиссиясининг хулосаси қуйидагича:
- Биринчидан, Денов тумани Боғинав МФЙ Мустақиллик кўчасида жойлашган "Инденим" савдо мажмуасида содир бўлган чақнаш портловчи моддалар қўлланилгани натижасида содир бўлмаган;
- Иккинчидан, Денов тумани Боғинав МФЙ Мустақиллик кўчасида жойлашган "Инденим" савдо мажмуасида содир бўлган чақнаш мажмуа остидан ўтган ва фойдаланишда бўлмаган газ қувуридаги ёриқлардан табиий газнинг сизиб чиқиши натижасида портлаш хавфи бўлган газ-ҳаво аралашмасининг ҳосил бўлиши ва унга бинодаги электр жиҳозларининг автоматлаштирилган тартибда ўчиб-ёнишида кузатиладиган учқуннинг таъсири натижасида рўй берган.
Ҳодиса оқибатларини бартараф этиш
Яроқсиз деб топилган 13 та турар жойнинг хонадон эгалари бошқа жойга кўчирилиб, жойидан янгидан уй-жой кўриш бўйича пудратчилар бириктирилган ва қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда.
Таъмирталаб 69 та турар жой биноларига, жумладан, 64 та ҳовли уй ва 5 та кўп қаватли уйнинг 64 та хонадонини тартибга келтириш мақсадида пудратчилар жалб қилиниб, таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилмоқда. Таъмирталаб 60 та нотурар бинода тадбиркорлар томонидан таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Мустақил баҳоловчи ташкилотлар ва бошқа масъуллар томонидан мажмуада рўй берган ҳодиса оқибатида зарар кўрган 226 та кўчмас мулк объектига етказилган зарар миқдори 22,6 млрд сўмга баҳоланган, шундан мажмуага етказилган зарар миқдори 14,4 млрд сўмни ташкил этади.
Мазкур етказилган зарарларни қоплаш ишлари Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан ташкил этилмоқда.
Жиноят иши
Ҳолат бўйича жиноят иши бевосита Бош прокуратура томонидан қўзғатилган. Жиноят иши доирасида 15 декабрь куни Денов шаҳар газ бўлими бошлиғи ва "Hududgaz Surxondaryo"нинг 2 нафар ходими – жами 3 нафар шахсга Жиноят кодексининг 116-, 214-моддалари билан айб эълон қилиниб, "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят кодексига кўра, 116-модда (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) бўйича эҳтиётсизлик одамлар ўлими ва бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
214-модда (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) бўйича ҳаракатлар учун даражасига қараб БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишларидан тортиб, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилишгача жазолар белгиланган.
Мавзуга оид
08:10
Новороссийскда портлашлар юз берди, ҲҲМ ишламоқда
23:26 / 06.11.2024
Бошқирдистонда кўмир ортилган 22 та вагон релсдан чиқиб кетди
17:04 / 22.10.2024
Қўшработда икки қаватли уй портлади. Бир оиланинг 4 аъзоси ҳалок бўлган
12:00 / 12.10.2024