Жаҳон | 10:52 / 08.01.2022
66112
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари қўлга олинди

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари Карим Масимов қўлга олинди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси мамлакат жиноят кодекси 175-моддаси 1-банди (давлатга хиёнат) айблови бўйича суриштирув бошлаган. Иш доирасида Миллий хавфсизлик қўмитаси собиқ раҳбари Карим Масимов ва яна бошқа шахслар қўлга олинган.

«Тергов олиб борилаётгани сабаб бошқа маълумотлар ошкор қилинмайди», дейилади Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси расмий сайтида. Масимов 6 январ куни ўз лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнини собиқ Давлат қўриқлаш хизмати раҳбари Ермек Сагимбаев эгаллаганди. Масимовнинг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган Нурсултон Назарбоевнинг жияни бўлмиш Самат Абиш ҳам ишдан олинган.

1965 йилда туғилган генерал-лейтенант Карим Масимов 2016 йил 8 сентябрдан Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқариб келаётганди. Мутахассислиги бўйича ҳуқуқшунос бўлган Масимов 2007-2012 ҳамда 2014-2016 йилларда Қозоғистон бош вазири, 2012-2014 йилларда Қозоғистон президент администрацияси раҳбари бўлиб ишлаган.

Мавзуга оид