Ўзбекистон | 19:13 / 11.01.2022
8859
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ҳаракатдаги Nexia ёниб кетди

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида ҳаракатланиб кетаётган “Nexia” ёниб кетган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, бугун 2022 йил 11 январь куни соат 14:50 ларда "Еттитом-Ғузор" автомобиль йўлининг Чироқчи тумани ҳудудидан ўтган 10-километрида, ҳайдовчи, 1985 йилда туғилган А.Х. “Nexia” машинасида ҳаракатланиб кетаётган вақтда транспорт воситасининг двигатель қисмида қисқа туташув ва унинг ортидан ёнғин юзага келган. Ҳайдовчи автомобилни зудлик билан тўхтатган

Чироқчи туман ФВБга соат 14:50 да ёнғин ҳақида хабар тушган. Шундан сўнг соат 15:03 да воқеа жойига битта ёнғин-қутқарув бўлинмаси етиб бориб, соат 15:20 да ёнғинни ўчирган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ва ҳалок бўлмаган. Фақат машина яроқсиз ҳолга келган.

Дастлабки суриштирувда ёниб кетган машина Чироқчи тумани Аннарўз қишлоғида яшовчи Ф.Ҳ.га тегишли экани ва ёнғинга машинадаги электр кабелларидаги қисқа туташув сабаб бўлгани аниқланган.

Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳодиса юзасидан Чироқчи тумани ФВБ ва ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид