Ўзбекистон | 21:34 / 13.01.2022
104692
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Лукашенконинг сўзларига муносабат билдирди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ҳам Қозоғистондаги воқеалардан сабоқ чиқаришини айтган президент сўзларига муносабат билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев Беларусь президенти Александр Лукашенконинг КХШТ саммитида айтган шов-шувли сўзларига муносабат билдирди.

«Куни кеча баъзи давлат раҳбарлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Қозоғистонда бўлиб ўтган воқеалардан сабоқ чиқариши лозимлиги ҳақида асоссиз баёнот берилди.

Биз минтақадаги вазиятни, хавфсизликка бўлган барча хавф-хатарларни диққат билан кузатиб боряпмиз. 

Ҳар қандай таҳдидга нисбатан муносиб жавоб қайтариш ва зарба бериш учун биз етарли куч ва салоҳиятга эгамиз», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирган президент матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Қозоғистондаги тартибсизликларга бағишланган онлайн йиғилишида сўз олган Беларусь президенти Александр Лукашенко ўз нутқида Ўзбекистонни тилга олганди.

«Қозоғистондаги вазиятдан, аввало, Ўзбекистон ҳушёр бўлиши керак. Акс ҳолда, биздаги маълумотларга кўра, тўполон ташкилотчиларининг нигоҳи, жумладан, Ўзбекистонга қаратилган», деганди Беларусь раҳбари ўзининг нутқида.

Мавзуга оид