Ўзбекистон | 13:29 / 13.01.2022
6011
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда 10 туп қарағай арралаб кетилгани бўйича жиноят иши қўзғатилди

2021 йил 14 декабрь куни тунда Тошкентнинг Юнусобод туманида номаълум шахслар қурилиш режалаштирилаётган ҳудуддаги 10 та дарахтни арралаб кетиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.

Фото: t.me/potrebitel_uz

«Юнусобод туманида 10 дона қарағай арралаб кетилганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган», дейилади Бош прокурор матбуот котиби маълумотида.

Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ўрганишлари давомида диаметри 28, 26,7, 37, 18, 27,7, 25, 23,8, 21, 18,7 ва 22,2 сантиметрли дарахтлар арралангани аниқланганди.

Ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг таъкидлашича, аввалроқ ҳам дарахтларни қуритишга уринишлар бўлган. Қурилиш амалга ошиши керак бўлган ҳудуд олдин ўраб олинган, арчаларни қуритиш учун таглари кесиб чиқилган.

Декабрь ойида экологлар ботаника боғи мутахассисларини жалб қилган ҳолда зарарланган дарахтларни сақлаб қолиш учун агротехник тадбирларни амалга оширган. Қарағай дарахтлари танасидаги жароҳатлар даволанган ва ёпилган, дарахтлар рақамланган.

Шов-шувларга қарамай, дарахтларга иккинчи марта суиқасд уюштирилди. 2022 йил 10 январга ўтар кечаси номаълум шахслар яна 4 туп элдор қарағайини кесиб ташлади.

Юнусобод тумани прокурори Саидкарим Мухтаровнинг маълум қилишича, Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳасида кесилган 10 та қарағай сабаб ўсимлик дунёсига 83 миллион сўм зарар етган.

Мавзуга оид