«Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосарларидан бири ўзгарди
Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори Рустам Шеров «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари этиб тайинланди. У бу лавозимда 2019 йилдан буён ишлаган Алишер Мустафоевни алмаштирди.
«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раисининг қазиб чиқариш бўйича ўринбосари Алишер Сайфуллаевич Мустафоев лавозимидан озод этилди. Компания матбуот хизмати хабар беришича, унинг ўрнига Рустам Чўлиевич Шеров «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари лавозимига тайинланди.
Рустам Шеров 1978 йили Қашқадарё вилояти, Муборак туманида туғилган. У нефть ва газ соҳасидаги фаолиятини 2002 йилда «Муборакнефтгаз» УКда геологликдан бошлаган. «Ўзгеобурғунефтгазқазибчиқариш» АЖда турли лавозимларда, «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АЖда бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритган. Шу вақтгача Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори эди.
«Бошқарув раисининг қазиб чиқариш бўйича ўринбосари углеводородлар қазиб олишни кўпайтиришга, янги нефть ва газ иншоотларини фойдаланишга топширишни тезлаштиришга, жараёнларни интенсивлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ва замонавий ривожланиш усулларига йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ташкил этиш ва амалга оширишга масъулдир», дея қайд этилади компания хабарида.
Маълумот учун, Алишер Мустафоев 2019 йил июнида «Ўзбекнефтгаз» раисининг қазиб чиқариш бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди.