Ўзбекистон | 18:33 / 22.01.2022
31739
2 дақиқада ўқилади

Ойбек Турсунов “Капиталбанк” аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилди

2021 йил ноябр ойидан буён “Капиталбанк”нинг 50 фоиз акциясига эгалик қилиб келган Ойбек Турсунов 20 январ куни банкнинг аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилди. Айни пайтда, Алишер Усмоновга тегишли компания банкдаги улушини оширди.

Фото: Капиталбанк

Корпоратив ахборотлар ягона порталига жойланган маълумотларга кўра, Ойбек Турсунов “Капиталбанк” АТБ аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилган.

Аффилланган шахс – тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва/ёки жисмоний шахсларнинг фаолиятига таъсир кўрсатишга қодир жисмоний ёки юридик шахс.

Қонунчиликка кўра, жамиятнинг 20 фоиз ва ундан ортиқ фоиз акцияларига яқин қариндошлари билан биргаликда эгалик қилувчи жисмоний шахс жамиятнинг аффилланган шахси деб эътироф этилади.

Ойбек Турсунов 2021 йил ноябр ойида “Капиталбанк”нинг 34,1 фоиз акциясини сотиб олиб, банкдаги улушини 50 фоизга етказган эди. Эндиликда банкнинг аффилланган шахслари рўйхатидан чиқарилгани унинг компаниядаги улуши 20 фоиздан камайганини англатади.

Эслатиб ўтамиз, Турсунов “Капиталбанк”даги улушини 50 фоизга етказганидан кўп ўтмай, ўша ойда (2021 йил ноябр) Россиянинг “Телекоминвест” компанияси ушбу банк акциядорига айланган эди.

Январ ойига келиб, “Телекоминвест” “Капиталбанк”нинг яна 8,33 фоиз акциясини сотиб олди ва банк устав капиталидаги улушини 25 фоизгача оширди.

“Телекоминвест” МЧЖ – миллиардер Алишер Усмоновнинг USM Holdings компаниясининг шуъба корхонаси ҳисобланади.

Турсуновнинг аффилланганлар рўйхатидаги ўрни Россия компаниялари – “Телекоминвест” МЧЖ ва “Корус” АЖ томонидан тўлдирилди. “Корус” компанияси “Капиталбанк”нинг аффилланган шахслари рўйхатига 2022 йил 12 январдан бошлаб қўшилган. “Корус” ҳам Алишер Усмоновга қарашли “Телекоминвест”га аффилланган.

2022 йилнинг 6 январидан 18 январига қадар Фонд биржасида “Капиталбанк” акциялари пакетлари билан 975,46 миллиард сўмлик 9 та битим (ҳар бир битимда 32,98 миллион дона акция ёки 8,33 фоиз) қайд этилган.

Мавзуга оид