Жамият | 08:44 / 23.01.2022
3792
3 дақиқада ўқилади

ССВ: Андижон тиббиёт соҳасида намунавий ҳудудга айлантирилади

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бугунги кунда Андижон вилояти тиббиёт муассасалари фаолиятида қандай муаммолар бор? Аҳоли кўпроқ нимадан норози? Шифокор-у ҳамшираларни қайси масалалар ташвишга солмоқда? Оғриқли нуқталар қаерда? Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳ бу саволларга жавоб топиш ҳамда мавжуд муаммоларни жойида тезкор ҳал этиш мақсадида Фарғона ва Намангандан сўнг Андижон вилоятига келди. 

«Ўрганишлардан кўзланган асосий мақсад аниқ. Президентимиз яқинда тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказмоқчи. Ҳозир бу тадбир олдидан соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг таклифлари қабул қилинмоқда. Ўз навбатида, йўлланган мурожаатларда акс этган масалалар ўрганилиб, ўз ечимини топяпти», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида.

Ишчи гуруҳ Андижон вилоятидаги қатор даволаш муассасаларида бўлиб, уларда яратилган шароитларни ўргангач, ҳудудда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари билан мулоқот ўтказди.

Унда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбари ўтган йили вилоятда ўтказилган сайловолди учрашувида аҳоли соғлиғини асраш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаш бўйича Андижонни намунавий ҳудудга айлантириш хусусида сўз юритган эди.

Бунинг учун, авваламбор, бирламчи тиббиёт бўғини такомиллаштирилиб, жойларда янги оилавий поликлиника ва оилавий шифокор пунктларини ташкил этиш, мавжуд тиббиёт муассасаларини тўлиқ таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш кўзда тутилган. Қатор туманларда перинатал ҳамда ўткир қон-томир касалликлари марказлари ташкил этилиши мақсад қилинган.

Шунингдек, вилоятда аҳолига юқори технологик тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кескин кенгайтириш, хусусий тиббиёт муассасалари сонини кўпайтириш режалаштирилган. 

Учрашувда президентнинг тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотига Андижон вилоятидан 988 та мурожаат келиб тушгани, шундан 546 таси соғлиқни сақлаш тизими ходимларига, қолган қисми эса фуқароларга тегишли эканлиги айтилди.

Шу билан бирга, ишчи гуруҳ мамлакатда коронавируснинг янги штамми кенг тарқалишининг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишлар, бу борадаги муҳим тавсиялар ҳақида тўхталди. 

COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари кўпайиши туфайли пойтахт тажрибаси асосида Андижонда ҳам кун-у тун ишлайдиган махсус поликлиникалар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилаётгани ҳам айтилди.

Шундан сўнг савол-жавоблар давомида мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш механизмларини такомиллаштириш, иш ўринлари, меҳнат шароити, кадрлар малакаси, тиббий ускуна ва жиҳозлар таъминоти, тиббий кўрикларни ташкил этиш каби масалалар юзасидан мурожаатларни тезкор ҳал этиш учун тизим мутасаддиларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Учрашувда Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмонов ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев иштирок этди ва сўзга чиқди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид