АОКА «Сабрия» сериали бўйича ўтказилган экспертиза натижаларини эълон қилди
Ижтимоий тармоқларда «Севимли» телеканалида эфирга узатилаётган «Сабрия» сериалидаги ахлоқсиз саҳна акс этгани айтилган кадр тарқалгани, АОКА ҳолат назоратга олиниб, текширув ишлари бошланганини маълум қилганди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги сериалдаги ахлоқсизлик саҳналари юзасидан экспертиза ўтказди.
Экспертиза давомида телесериалнинг 2021 йил 29 декабрь кунги қисмида Арслон исмли қаҳрамоннинг меҳмонхонада бегона аёл билан ётгани, 2022 йил 4 январь кунги қисмида бир аёлнинг маст ҳолатдаги турмуш ўртоғини уни хўрлагани учун ухлаб ётган вақтида пичоқлаб ўлдиргани, бундан ташқари, 14 январь кунги қисмида уч нафар безорининг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани ва уларнинг битта хонадонга бостириб киргани, йигитлардан бири уйдаги аёлга зўрлик ишлатгани тасвирланган сюжетлар ўрганилган.
Экспертлар қуйидаги хулосага келишган:
- лавҳа сюжетидаги ўғрининг аёлга қилган хатти-ҳаракатлари куч ишлатиш йўли билан номусига тегишга уриниш саҳнаси сифатида баҳоланди. Бундай телесериаллар намойиш этилиши ёшлар ўртасида хотин-қизларга нисбатан куч ишлатишга мойилликни оширишга хизмат қилади;
- бадиий фильм ва телесериал жамиятдаги қарашларни, ёшларнинг тарбиясини шакллантирадиган муҳим воситалардан бири эканини ҳисобга олиб, оммага тақдим этилаётган ҳар бир сюжет, сўз ва ҳаракат учун масъулиятли бўлиш керак;
- аёлларнинг обрўйига жиддий путур етказаётган саёз «ижод намуналари» эфирга узатилишининг олдини олиш, гендер тенглиги ва бошқа умуминсоний қадриятлар, миллий менталитетни ҳисобга олиб, этика нуқтайи назаридан телесериалларни телеканалларнинг бадиий таҳлилидан ўтказилгандан сўнггина намойиш қилиш мақсадга мувофиқ.
Шунингдек, аёлга тўғридан тўғри тажовуз тасвири акс этган ушбу лавҳа ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан кескин танқид қилиниб, салбий фикр-мулоҳазалар ифода этилишига, шу жумладан, айрим фуқаролар, масъул ходимларнинг обрўсизланишига сабаб бўлди.
«Сабрия» номли миллий телесериал бўйича тайёрланган экспертиза хулосаси ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага жўнатилган.
Воқеалар ривожи
19 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги «Севимли» телеканалида намойиш этилган сериалдаги ахлоқсизлик саҳналари юзасидан ўрганиш ишлари бошлаганди. Унинг ортидан Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ушбу сериалини танқид қилиб, бадиий кенгашлар ва мутасадди ташкилотларни бу каби контентга қонун ва этика нуқтайи назаридан хулоса беришга чақирди.
«Севимли» телеканали раҳбари Амира Рашидова эса бунга жавобан сериал намойишидан аввал 16+ маркировкаси берилгани, қолаверса, «ахлоқсиз» деган айбловни қўйишдан олдин кесиб олинган кадрнинг якунини тушуниш учун фильмнинг яна 3 дақиқасини кўриш етарли эканини билдирди.
Шундан сўнг, 20 январь куни Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов (Амира Рашидованинг отаси) хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган миллий сериаллар бўйича изоҳ бериб, «Сабрия» сериали ҳақиқатан ҳам бадиий ва мазмунан саёзлигини тан олиб, бундан кейин сериаллар сифатига алоҳида эътибор қаратиш устида ишланишини билдирди.
Шу куни Фирдавс Абдухолиқов иштирокида «Севимли» телеканали таъсисчиларининг умумий йиғилиши бўлиб ўтиб, таъсисчилар қарори билан бош директори вазифасини бажарувчи Абдувоҳид Хўжаев ва бош муҳаррир Қаҳрамон Сайдалиев ўз вазифасидан озод этилди.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Абдухолиқовнинг изоҳига муносабат билдириб, бу каби масалаларни «уйда келишиб олиш» кераклигини киноя қилди.
«Sevimli» телеканали муассиси – «Master Media Production and Broadcast» МЧЖ. Унинг 20 фоиз улуши Рашидова Амира Фирдавсовна, 10 фоизи Абдухолиқов Абдулложон Фирдавсовичга тегишли. Компаниянинг 70 фоизига Фирдавс Абдухолиқовнинг турмуш ўртоғи Шаропова Фируза Садридиновна эгалик қилади.
Шундан сўнг, Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов атрофидаги манфаатлар тўқнашуви юзасидан текширув тайинланди. Кейинроқ Кинематография агентлиги ва «Севимли» телеканали ўртасида манфаатлар тўқнашуви борлиги тасдиқланди.