Ўзбекистон | 10:57 / 25.01.2022
6459
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон коррупция даражаси бўйича халқаро рейтингда 140-ўринни эгаллади

“Transparency International” халқаро ташкилоти 2021 йил учун “Коррупцияни қабул қилиш индекси”нинг янгиланган рейтингини эълон қилди.

Фото: Kun.uz

Рейтингга кўра, Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновнинг хабар беришича, Ўзбекистон индексда сўнгги беш йил давомида барқарор ўсиш (2017 йилда 22 баллдан 2021 йилда 28 баллгача) қайд этиб, минтақадаги тез суръатларда яхшиланиб бораётган давлатлар қаторида эътироф этилган.

Коррупцияни қабул қилиш индекси давлат секторида коррупция даражаси бўйича экспертлар ва тадбиркорлар баҳолари асосида 0дан (коррупцияни қабул қилишда энг юқори кўрсаткич) 100га қадар (энг паст) шкала бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

Шу билан бир қаторда, рейтингда Ўзбекистон 28 баллни қайд этди.

Коррупцияни қабул қилиш индекси давлат секторида коррупция даражасини акс эттириб, уни ишлаб чиқишда қатор манбалардан, шу жумладан, экспертлар баҳолари ва ишбилармон доиралар вакиллари ўртасида ўтказилган сўровномалардан фойдаланилади.

Рейтингда 88 балл билан Дания, Финландия ва Янги Зеландия етакчиликни қўлга киритди. Топ-10 рейтингдан Норвегия, Сингапур ва Швеция (85 баллдан), Швейцария (84), Нидерландия (82), Люксембург (81) ва Германия (80 балл) ҳам жой олди. 

Энг ёмон кўрсаткични Жанубий Судан (11 балл), Сурия ва Сомали (13 баллдан), Венесуэла (14 балл) ва Яман қайд этди (16 балл).

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид