Ўзбекистон | 17:24 / 27.01.2022
18196
2 дақиқада ўқилади

“Фаолиятимда бунақа катта кўламли ўчиш бўлмаган” — диспетчер

Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси диспетчери Павел Сиделников пойтахтда электр таъминотини тиклаш жараёнлари қай тарзда олиб борилгани бўйича маълумот берди.

25 январда рўй берган блэкаутдан кейин Ўзбекистонда энерготизим қарийб изига тушди. Kun.uz мухбири ўша куни таъминотни тиклаш ишлари авж суръатда олиб борилаётган вақт – куннинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонасида бўлди.

Диспетчер Павел Сиделников биз билан суҳбатда бундай катта масштабдаги авария унинг фаолиятида илк марта бўлганини айтди.

Менинг фаолиятимда бундай катта кўламли ўчиш бўлмаган. Электр узатувчи қурилмалар захира манбаларисиз қолди. Ҳозир шу захира қурилмаларини ишга тушириш учун вақтимиз кетяпти. Айнан шу туфайли узилишлардан кейин тикланиш бироз чўзилади”, – деди у.

 

Диспетчернинг айтишича, биринчи навбатда ўта муҳим объектлар – касалхоналар, шунингдек, Сенат ва Президент Администрацияси каби олий ҳокимият идоралари электр билан таъминланган.

Осон бўлмаяпти, лекин имконимиз борича вазиятдан чиқишга ҳаракат қиляпмиз. Ҳар хил одамлардан ҳар хил қўнғироқлар бўлиб туради. Алоҳида кимнидир биринчи бўлиб улаб бериш деган нарса йўқ. Биз уласак, бирор туманда яшаётганларнинг барчасини улаймиз. Дўқ уришлар, қўрқитишлар ҳам бўлиб туради, биз, албатта, руҳий томондан бунга тайёрмиз, одамларга тушунтирамиз, ваъда берамиз ва улаб берамиз. Ҳатто айрим одамлар иш жойимизга келган пайтлар ҳам бўлган – қўрқитишга уринишган, у қиламан, бу қиламан, дегандек. Биз бундай ҳолатлардан ҳам чиқиб кетганмиз. Вазиятни тушунтирганмиз, кейин электр берганмиз ва якунда улар бизга ҳатто ташаккур айтишган.

 

Бизнинг ишда стрессларга чидамсиз ходимлар узоқ ишлолмайди”, – дейди Павел Сиделников.

Мавзуга оид