Ўзбекистон | 14:58 / 04.02.2022
4350
2 дақиқада ўқилади

Бу йил 20 дан ортиқ қонун қабул қилинади – Сенат раиси

“Улар орасида маҳаллий кенгаш ва ҳоким ваколатларини аниқ белгилаш тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам бўлади”, деб маълум қилди Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева.

Фото: Kun.uz

“Жорий йилда ислоҳотларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган 20 дан зиёд қонун қабул қилиш назарда тутилган, жумладан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда маҳаллий Кенгашлар мавқейини мустаҳкамлаш, давлат назорати самарадорлигини таъминлаш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби муҳим йўналишларга оид 10 га яқин мутлақо янги қонун қабул қилиш назарда тутилган”, дея маълум қилди Норбоева ялпи мажлисда.

Сенат раисига кўра, қабул қилиниши режалаштирилган қонунлар орасида ҳоким лавозимига номзодларни илгари суриш тартибини қайта кўриб чиқиш, маҳаллий кенгашлар ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилаш тўғрисидаги қонунлар ҳам бор ва улар халқ томонидан кутилаётган ҳужжатлардир.

Шунингдек, Танзила Норбоева вазирлик ва идоралар ўзларига тегишли йўналишда ҳудудлардаги вазият билан ишлашлари муҳимлигини ҳам қайд этди.

“Энди ҳисоботи эшитилаётган ҳар бир вазирлик, идора фаолиятига ҳудудларда амалга оширган ишлари самарасига, шунингдек, уларнинг жойлардаги қуйи тузилмалари ишига қараб баҳо берилади. 

Бундан буён ҳокимлар Сенат мажлисларида ҳисобот бериш доирасида тегишли ҳудуддаги ҳақиқий ҳолат ҳақида комплекс тақдимот ташкил қилишлари лозим бўлади. Унда эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва муҳим вазифалар аниқ акс этиши керак”, деди Танзила Норбоева.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид