Ўзбекистон | 18:46 / 05.02.2022
27810
18 дақиқада ўқилади

Ҳоким нега фермернинг кластер танлашига қарши?

Улуғнор тумани ҳокими Муҳаммадисломиддин Аҳмаджонов нафақат кластер ва фермер ўртасидаги шартномага ҳоким имзо чекмаслиги ҳақида тушунчага эга эмас, балки ҳудуддаги 80та фермер хўжалиги ўзлари учун манфаатли бўлган кластер билан шартнома тузиб бўлганидан ҳам бехабар.

Андижон вилоятининг нисбатан чўллашган ҳудуди бўлган Улуғнор тумани фермерлари туман ҳокими билан юзага келган низодан норози бўлмоқдалар.

Улуғнор тумани ерларида 204 та фермер хўжалиги фаолият олиб боради. Кластер тизими жорий қилинганидан буён тумандаги фермерлар “Водий саноат фахри” МЧЖ кластери билан шартнома асосида ишлашмоқда.

Туман фермерларининг бир гуруҳи “Водий саноат фахри” кластери билан ишлаб манфаат топишмаётгани, уч йилдан буён кластердан ўз пулларини вақтида ололмаётгани сабаб вилоят ҳудудида фаолият юритаётган бошқа кластер билан шартнома тузганликлари, бироқ бу ҳаракатлари туфайли ҳокимнинг қаршилигига дуч келишгани ҳақида мурожаат қилишди.

Бундан ташқари, катта майдондаги ҳосилдор ерлар кластер тасарруфига ўтгач қаровсиз қолиб, аянчли ҳолга келгани айтилмоқда.

Kun.uz фермерларнинг туманда фаолият юритаётган кластер билан эмас, балки бошқа кластер билан шартнома имзолашига ҳокимлик нега қарши бўлаётгани сабабларини ўрганди. Муаммо юзасидан фермерлар, туман ҳокими ва вилоят қишлоқ хўжалиги мутасаддилари билан суҳбатлашдик.

“Ҳокимдан хафамиз!” – улуғнорлик фермерлар

Тумандаги “Қирққиз” фермер хўжалиги раҳбари, 30 йиллик тажрибага эга деҳқон Шарофатхон Япиева аввалги кластер фермерларнинг ҳақини вақтида бермаганини айтади.

“Кластерлик ҳаракати бошланганидан бери туманимиздаги барча фермерлар “Водий саноат фахри” кластери билан шартнома тузиб ишлаб, кластердан фақат чигит олдик, холос. Уни ҳам 13 минг сўмдан олиб фермерларга 19 мингдан ўтказди. Кластердан ўз ҳақимизни олишимиз катта муаммога айланган. Ялиниб, ёлвориб оламиз. Кредитни банкдан оламиз, кимёвий ўғитларни “Қишлоқхўжаликкимё” етказиб беради, соляркани нефть ташкилоти етказиб беряпти. Кластер раҳбари ёки ходимлари фермернинг олдига келиб, “Нима муаммоларингиз бор?” деган эмас.

Ўзимиз учун манфаатли кластер излаб, Хўжаобод туманидаги “Файз М”га бордик. Раҳбари йўқ экан. Ходимларига “Агар сизлар билан шартнома тузсак, қандай қулайликлар бор?” дея савол бердик. Улар ёқилғига, кимёвий ўғитга, берган пулимизга устама қўймаслигини айтди. Бу биз фермерлар учун зўр шароит ахир. Кластерлар ўртасида рақобат бошланадиган пайт келди ахир!

Ишонасизми, фермерларимиз янги йил куни байрам учун кластерга бориб, 1 миллион сўм пул сўраб, ололмай йиғлаган кунлари бўлди. Шунинг учун иложи йўқлигидан “Файз М”га бордик. Улар шу куннинг ўзида биз билан шартнома тузиб, 81 та фермер ичидаги маблағ керагига маблағ, техникасизларга техника олиб берди. Хўжаободдан техника етиб келиб, ерларимизни шудгор қилишни бошлади. Нимаики сўрасак беришди. Терим пайти фермерларимиз тиркама (прицеп) йўқлигидан қийналганди, олиб беришди. Мен ўзим битта трактор сўрагандим, олиб беришди.

Мен юридик шахс сифатида мана шундай кластер билан шартнома тузаман. Афсуски, бизга раҳбарият томонидан тазйиқлар бўляпти. Мутасаддилар: “Фақат “Водий саноат фахри” билан шартнома тузасан!” дейишяпти. Раҳбарлар бу кластернинг 54 миллиард сўм қарзи борлигини яхши билади. Мен вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновдан хафа бўлдим. Ҳокимимиз бизнинг қандай шароитда ишлашимизни яхши билади. Туманимизга кўп марта келган. Кўкрагимга “Шуҳрат” медалини ҳам тақиб қўйган. Бизнинг “Водий саноат фахри” билан ишлаб, қийналаётганимизни билмайдими?

Нега фермерлар ривожланмоқчи бўлса, бунга қаршилик қилишади? Туман ҳокими Муҳаммадисломиддин Аҳмаджонов: “Туманда битта кластер бўлади. Шартномани ўша билан қиласизлар. Сиз билан опа-ука бўлиб ишлайлик”, деди. Мен эса “У кластер билан шартнома қилишни хоҳламайман”, дедим. Ранжиганимнинг боиси, ҳоким фермерларни якка қабул қилиб, залга йиғиб, мажбуран шартнома қилдиряпти.

Вилоят ҳокимининг олдига борганимизда қабул қилмагач, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига бордик. У ерда бизга сизларнинг ерингизни олишга, фалон кластер билан шартнома қиласан дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ дейишди”, – дейди фермер Шарофат Япиева.

Биз “Ғофуровлар ери” ва “Отажоновлар серҳосил даласи” фермер хўжаликлари далаларида ҳам бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни тингладик.

“Чўл ҳудудида деҳқончилик қилиш машаққатли. Биз қилган меҳнатимизга яраша ҳақ олишимиз керак. “Водий саноат фахри” кластери ишончимизни оқламади. Билдикки, мазкур кластер билан ишласак, келажагимиз йўқ экан. Янгилик йўқ. Ҳақларимизни вақтида ололмаяпмиз. Жуда кўп экин ерлари қаровсиз қолиб кетяпти. Кўриб ачиниб кетяпман.

Мен Хўжаобод туманидаги кластер билан танишиб келдим ва улар билан шартнома қилдим. Туманимиз ҳокими эса қаршилик қилиб, фақат тумандаги кластер билан ишлашга ундаяпти”, – дейди “Ғофуровлар ери” фермер хўжалиги раҳбари Одинахон Ҳамроқулова.

“Отажоновлар серҳосил даласи” раҳбари Фароғатхон Отажонова ҳам ўз фикрларини билдирди.

“60 гектар ҳосилдор ерим бор эди. Кластерга ўтгач, ярми қаровсиз бўлиб кетди. Ўтган йилги пахта пулимни “Водий саноат фахри” кластеридан ундира олмай, охири Президент қабулхонасига ёзиб юриб олганман. Ҳозир бошқа тумандаги “Файз М” кластери билан шартнома туздик. Камчиликлар йўқ”, – дейди у.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 ноярда қабул қилинган 14-сонли фармонига кўра, бир ҳудудда (Қорақалпоғистон Республикаси ёки тегишли вилоят) барча пахта-тўқимачилик кластерларига фермер хўжаликлари билан шартнома асосида фаолият юритишига ва фермер хўжаликларига ушбу кластерлар билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузишга рухсат берилади.

Улуғнор тумани ҳокими Муҳаммадисломиддин Аҳмаджонов масалага қуйидагича изоҳ берди.

“Улуғнор туманида 204 та пахта-ғалла фермер хўжаликлари ўтган 2021 йилда 8,5 минг гектар ерга пахта экиб, 23 минг тонна пахта ҳосили етиштирди. Туманда “Водий саноат фахри” МЧЖ кластери фаолият юритади. Тумандаги фермер хўжаликларига ёқилғи, иш ҳақи ресурсларини, терим пулларини, агротехника, кимёвий ўғит масалаларини ҳал қилади. Шу билан бирга, “Водий саноат фахри”нинг пахта заводлари ва пахта қабул қилиш пунктлари, ёқилғи етказиб берувчи шохобчалари мавжуд. Кластер шу туманда давлат рўйхатидан ўтган ва солиқ тўловчи сифатида фаолият юритиб келади. Кластернинг минг иш ўринга эга “Soft tex” фабрикасида аёлларимиз ишлаяпти. Бундан ташқари, Наврўз байрами арафасида кластер Мингбулоқ қишлоғида вилоятимиз ҳокими ташаббуслари амалга оширилаётган минг иш ўрнига эга лойиҳасини ишга туширади.

Мурожаатга келадиган бўлсак , фермерлар “Водий саноат фахри” МЧЖ билан эмас, балки бошқа кластер билан шартнома тузаётгани ҳақида айтишган. Айнан мурожаат билан сизга икки ёки учта фермер чиққан. Иминов массиви ҳудудидаги “Қирққиз” фермер хўжалиги раҳбари Япиева Шарофатхон ва яна бошқалар.Тумандаги 204та фермердан шу иккитаси шундай қиляпти.

Ҳақиқатда, ўтган йил охирида туман ҳокимлигининг хабари бўлмаса-да, Хўжаобод туманида фаолият юритувчи “Файз М” МЧЖ кластер келиб, икки-учта аёл фермерларни йиғиб, шартнома қиламиз, деб улардан пул олган. Тўлғоной деган фермер бўлмаган, ери йўқ аёлни уларга бригадир қилиб тайинлашган. Мен у пайтда бир ҳафталик ўқишда эдим. Олтита фермер хўжалиги улар билан шартнома тузган экан.

Қонунчиликда шартнома тузиш тартиблари бор. Шартнома шарти бўйича шартноманинг бир томонига мен қўл қўяман, иккинчи томонида агропромдан рўйхатдан ўтиш керак. Туман қишлоқ хўжалик бошқармасида рўйхатдан ўтади ва статистикага киритилади. Шартнома шартларини бажариш лозим. Уларнинг шартномасига бир томонига Хўжаободдан “Файз М” келиб печат босиб кетган, иккинчи томонига фермер. Маълумот учун айтай, фермерлар унгача “Водий саноат фахри” МЧЖ билан шартнома тузиб бўлган. Шартномалар рўйхатдан ўтган. Ҳужжат юридик кучга эга.

Масаланинг иккинчи томонига қарасак, президентимизнинг фармонларига кўра, фермер кластер билан ихтиёрий равишда шартнома тузиш ҳуқуқига эга. Лекин масаланинг яна бир томони бор. Ҳозирда шу “Водий саноат фахри” МЧЖнинг фермерлар олдидаги қарздорлиги тўлиқ бартараф этилди. Тўғри, ҳақлар 10 кун ёки 5 кун кеч қолиб кетиши мумкин. Бу кунларга “Водий саноат фахри” МЧЖ вақтида пул бера олмаган кунлари учун пеня тўлаб беради.

Энди, мана мисол учун айтай, агар Хўжаобод туманидаги “Файз М” МЧЖ келиб туманимиздаги фермер хўжаликлари билан шартнома тузса. Дориланган чигит маҳсулоти етказиб берилганидан кейин, ғўзани эккандан кейин пахта пишгунгача бўлган вақт мобайнида, унинг ўзининг агротехник тадбирлари бор. Битта чигитни ерга экса, 115–120 кунда пишади. Августгача давом этади бу. Йил давомида ҳар бир фермерга маҳсулотни етиштириш учун ёқилғи, ўғит керак бўлади. Ғўза ҳашаротига қарши курашиш, камида 6–7 марта культивация қилиш, дефольянт дориларни олиш керак. Агар бошқа тумандаги МЧЖ билан фермер ўртасида шартнома тузиладиган бўлса, эртага пахта пишгандан кейин, агротехник тадбирларни ўтказиш жараёнида қийинчиликлар юзага келади.

Сабаби, “Водий саноат фахри” кластерида барча қулайликлар бор. Кейин ресурс ўзимизда айланади. Туманимизда ягона “Водий саноат фахри” МЧЖ кластери бор. Шунга ҳукумат қарори қабул қилинган. Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамаси қарори чиққан. Ҳақиқатан ҳам тўғри, бундан 1,5–2 йил олдин озгина “Водий саноат фахри” МЧЖ фермерлар билан ўзаро ҳисоб-китоб қилишда пулларнинг кечиктирилиши ҳолатлари бўлди. Кластернинг ҳозир аҳволи яхши.

Сиз “Файз М”нинг ҳам ҳолатини бир суриштиринг. Ўтган йили фермерларининг ҳосилдорлиги қандай бўлганини, айни пайтда у билан нечта хўжалик шартнома тузганини бир суриштириб кўринг. Умуман тузилмаган. Пахта режаси ҳам бажарилмаган.

Мен ўз туманимизнинг иқтисодий ривожланишини, одамлари фаровон яшашини хоҳлайман ва шунга ҳаракат қиламан. Фермерларимиз қийналиши ва банкрот ҳолатга келиб қолишини хоҳламайман. Бундан ташқари, мурожаат билан чиққан фермерлар аввал “Водий саноат фахри” кластери билан шартнома тузиб, рўйхатдан ўтгач, сўнг “Файз М” билан шартнома тузяпти.

Бир нарсани айтиб қўяй, “Файз М” кластери келиб тўғридан тўғри фермерларга нақд пул шаклида бўнак беряпти, Янги йил байрамига яна пул тарқатяпти, бу тўғримикин? Ахир шартнома имзоланиб, давлат рўйхатидан, статистикадан ўтмай туриб нақд пул кўринишида пул бериши ҳам тўғримикин? Ахир ҳайдов учун, маош учун маблағни нақд пулда олган ўша мурожаатчи Шарофатхон Япиева ва Одинахон Ҳамроқуловалар пул банкда айланмагани учун солиқдан қочмадимикин?

Туман ҳокимлиги томонидан фермерларнинг бошқа кластер билан шартнома тузишига ҳеч ким қаршилик қилган эмас, тазйиқ ҳам ўтказмадик. Уларга фақат тавсия сифатида тушунча берганмиз. Президент фармони бажарилади ва бажарилишига ўзимиз масъулмиз”, – дейди туман ҳокими Муҳаммадисломиддин Аҳмаджонов.

Президент қарори ва мутахассислар изоҳи ҳоким ноҳақ эканини кўрсатди

Туман ҳокими билан суҳбатдан сўнг бизда фермерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, кластер ўртасида тузиладиган шартномада туман ҳокимлигининг иштироки ҳақида саволлар пайдо бўлди.

Андижон вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармасига бордик. Бошқарма бошлиғи ва бир пайтда вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Рустамжон Исматуллаев вақти тиғизлиги боис интервю бера олмаслигини айтиб, фермерлар республикада қабул қилинган қонун ҳужжатларига асосан ихтиёрий равишда кластерлар билан шартнома имзолаш ҳуқуқига эга эканини ва уларга тазйиқ ўтказилмаслигини таъкидлади.

Бошқарманинг шартномалар бўлими масъули Баҳодиржон Мамажонов билан телефон орқали суҳбатлашганимизда, у улуғнорлик фермерлардан 80 нафари “Файз-М” кластери билан шартнома тузмоқчи эканидан хабардорлигини, бироқ шартномалар ҳали рўйхатдан ўтказиш учун бўлимга етиб келмаганини билдирди. 29 февраль ҳолатига туманнинг 81 фермеридан ташқари 124 нафар фермерлари “Водий саноат фахри” билан шартнома тузиб бўлганини айтди. Унинг билдиришича, 81 нафар фермер ҳам бошқа кластер билан шартнома тузишдан олдин “Водий саноат фахри” кластери билан шартнома тузган экан.

Бизга, “Улуғнорлик Дурдонахон ери”, “Хосиятли замин”, “Мустафо Камол”, “Отажоновлар серҳосил даласи”, “Улуғнорлик Мавлудахон ери” фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳам алоқага чиқиб, “Файз-М” кластери билан шартнома тузганликларини билдиришди.

Туман ҳокимининг “Фақат учта фермергина “Файз М” билан шартнома тузган холос” деган гапи ноаниқ бўлиб қолди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вилоят бўлимида бўлиб, кенгаш ҳуқуқшуноси Авазбек Сиддиқовдан изоҳ сўрадик.

“Бугунги кундаги қонун ҳужжатларига асосан, фермер ва кластер ўртасида тузиладиган шартномага ҳеч қандай мансабдор шахслар, жумладан, ҳокимлар ҳам таъсир ўтказиши мумкин эмас. Шартнома икки томон – кластер ва фермер ўртасида имзолангач, қонуний ҳисобланади. Бошқа ҳеч ким, яъни учинчи томон сифатида бу жараёнда иштирок этмайди.

Ҳозирги кунда фермерларнинг ҳуқуқий саводхонлиги паст бўлгани сабаб мана шундай муаммоли ҳолатларга дуч келишмоқда. Улуғнор туманидаги 80 та фермер бизга ҳам мурожаат қилган ва биз арзномачиларга Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 16 ноябрдаги 14-сонли фармонида кўрсатилган ҳуқуқлари бўйича тушунтиришлар бердик.

Мазкур ҳужжатга кўра, фермер хўжаликлари вилоят ҳудудидаги кластерлар билан ихтиёрий равишда шартнома тузиш ҳуқуқига эга”, – дейди Авазбек Сиддиқов.

“Водий саноат фахри” кластери раҳбари: “Норози бўлаётганлар – режани бажармаган фермерлар”

Kun.uz мухбири айни кунларда сафарда бўлиб турган “Водий саноат фахри” кластери раҳбари Иқболжон Абдубаннаев билан Telegram орқали боғланиб, мавжуд вазият бўйича фикрларини олди.

“Дарҳақиқат, президентимизнинг фармонларига кўра, фермерлар кластерни танлаш ҳуқуқига эга. Бироқ кластеримизда мавжуд фабрикаларнинг қувватига яраша ўз режаси ҳам бор. Ип йигирув, бўёқ цехларини қилганмиз. Қувватимиз 15 минг тонна. Режамиз бўйича бу йил ёғ ишлаб чиқариш заводимиз ишга тушади.

Ишлаб чиқариш учун маълум тоннадаги пахта ҳосили бўлиши шарт. Агар шунча пахта бўлмаса, етмаганини бошқа жойдан олишимизга тўғри келади. Фермерлар фармон асосида бошқа кластер билан шартнома тузса, биз ҳам бошқа туманлардаги биз билан ҳамкорликни хоҳловчиларни топиб, қувватимиз даражасидаги пахтани топишимиз керак. Биз ўзимиздаги фермерларга молиялаштириш ишларини бошлаб қўйганмиз. Агар мана шу янги тизимга ўтиладиган бўлса, эртароқ уриниш керак, эртароқ фермерлар билан алоқага чиқиб бўлажак ҳосилни ҳисоб-китоб қилиш лозим. Иложи бўлса, ҳокимликми кимдир мана шу ҳолатни мувофиқлаштириб борса бўларди.

Вилоят ҳокими ҳам йиғилишларда айнан мана шу масалани кўтарди. Мен мазкур масала бўйича у кишига мурожаат қилганим йўқ. Бошқа туманларда ҳам фермерлар мана шу масалани кўтариб чиқишяпти.

Барча кластерлар, хусусан бизнинг ҳам кредитимиз бор. Шунинг учун кластерлар бу борада бир-бирини тушунган ҳолда иш олиб боргани мақсадга мувофиқ бўлади”, – дейди Иқболжон Абдубаннаев.

Абдубаннаевнинг қўшимча қилишича, айни пайтда “Водий саноат фахри” кластери фермерлар олдидаги барча қарздорлигини тўлаб бўлган.

Фермер – тадбиркор, у эркин бўлиши керак

Пахтани етиштириш фермернинг иши бўлса, уни қайта ишлаш кластернинг вазифаси. Пировардида ҳар иккиси ҳам даромад топиши керак.

Кластер тизими янги ва у босқичма-босқич ривожланиб бормоқда. Энди фермер машаққат билан бели оғриб ҳосил етиштиргач, қўшни туманлардаги кластерларнинг фермерларга яратаётган шароитлари билан ўз ҳамкорини солиштириб кўради.

Албатта, у молиявий барқарор, ҳосил учун пулни вақтида берадиган ва пахтадан олинадиган иккиламчи маҳсулотлар – шрот, шелухаларни фермер билан баҳам кўрадиган кластер билан шартнома тузишни режа қилади. Бунинг номини рақобат дейдилар.

Улуғнор туман ҳокими кластер ва фермер ўртасидаги шартномага туман ҳокими имзо чекмаслиги ҳақида тушунчага эга эмаслигидан ташқари, ҳудуддаги 81 та фермер хўжалиги ўзлари учун манфаатли бўлган кластер билан шартнома тузиб бўлганидан бехабар экан.

Ўйлаймизки, вилоят ҳокими ва бошқа мутасаддилар мазкур ҳолатни ўз назоратига олади.

Элмурод Эрматов,

Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид