Ўзбекистон | 08:20 / 07.02.2022
6239
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобус иштирокида ЙТҲ содир бўлди, икки йўловчи жароҳат олди

Тошкент шаҳрида "Исузу" русумли автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ахборот хизмати хабар қилмоқда.

Жорий йилнинг 6 февраль куни соат 06:37 лар атрофида "12-Автобус саройи" филиали тасарруфидаги, 59-сонли йўналишда ҳаракатланувчи "Исузу" русумли автобус ҳайдовчиси Х.Ё. (1966 йилда туғилган, стажи 33 йил), Янгиҳаёт тумани ҳудудидаги Янги катта ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланиб кетаётган бўлган.

Хабарда айтилишича, у "Симма" меҳмонхонаси қаршисида енгил автомобил сиқиб кетиши натижасида йўл четига чиқиб кетган ва олд ён томони билан устунга бориб урилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида икки нафар йўловчи енгил тан жароҳати олган, жабрланган йўловчилар шифохонага етказилиб, тез тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан расмийлаштирилган ҳамда "Тошшаҳартрансхизмат"нинг Йўловчи транспортида ҳаракат хавфсизлигини назорат этиш бошқармаси ходимлари томонидан хизмат суриштируви ўтказилмоқда.

Мавзуга оид