60-йилларга тушиб қолгандек бўласиз – “Кончилар шаҳарчаси”дан фоторепортаж
Тўрт томони тоғ билан ўралган Янгиобод кончилар шаҳарчасидаги муҳит 1960-йилларни эслатади. У ердаги барча бинолар, зиналар ва йўллар – ҳаммаси тарихий. Kun.uz мухбири шаҳарчадан фотоҳикоя тайёрлади.
Кончилар шаҳарчаси Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида жойлашган. Пойтахтдан тахминан 2 соатча юриб, Янгиобод кончилар шаҳарчасига етиб бордик.
Шаҳарчада ўзингизни ўтган асрнинг 60-йилларига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Тўрт томони тоғлар билан ўралган шаҳарчадаги барча бинолар тарихийлигини сақлаб қолган. Бир томонидаги жарликдан булоқ оқади, сувнинг шовқини табиатга кўрк бериб туради. Одамлар ҳамон пастак, эски уйларда яшайди, зиналар ва бутун шаҳарчанинг архитектураси бузиб қайта бўялмаган, аслидек.
Энг эътиборни тортадиган жой – маҳалла биноси. Илгари мусиқа мактаби бўлгани учун бино олдида рус композитори Михаил Чайковскийнинг ҳайкали қад ростлаган. Кейинчалик Янгиобод Ангренга қўшилгач, бино маҳалла фуқаролар йиғинига берилган.
«Кончи» маданият саройи. 1965 йилда қурилган, 80-йилларда реконструкция қилинган. Ҳозирда маданий тадбирлар ўтказилади.
Шаҳарчада одам камлиги яққол сезилади. Асосан кексаларни учратиш мумкин. Кон ёпилгунча шаҳарчада 3 минг нафар аҳоли бўлган, ҳозир 500 атрофида аҳоли истиқомат қилади.
Ушбу ҳудудда илгари «Чилтен» уран кони бўлган ва шу сабабли “Кончилар шаҳарчаси” деб аталган. Коннинг дебети (самарадорлиги) пасайиб бориши билан 1985-йилларда уни ёпиш ишлари бошланган, 90-йилларгача рекультивация ишлари якунланиб, кон буткул ёпилган.
1997 йилдан бошлаб конда директор вазифасида ишлаган янгиободлик Толибжон Нурматов Kun.uz билан суҳбатда Янгиободнинг 26-километрида руда борлигини тахмин қилди.
“Коннинг 56та шахтаси бўлган, Янгиободнинг ўзида Алатанга, Жекендег, Каттасой сойларида шахталар бўлган. Уларнинг баридаги руда Янгиободга келиб тушган. Рудани Ленинобод (Тожикистон)га кейинги ишлов бериш учун юборилган.
Агар қидирув ишлари амалга ошириладиган бўлса, Янгиободдан тортиб 26-километргача уран бор. Чунки 26-километрдан руда суви чиқади”, - дейди собиқ кончи.
Унинг айтишича, 1997 йилгача Янгиободнинг ўз ҳокимияти бўлган, кейин Ангренга қўшилган.
Шаҳарчада мактаб йўқ, болалар камчиликни ташкил қилгани учун автобусда таҳминмн 10 км узоқликдаги Дукентга қатнаб ўқишади. Бироқ болалар боғчаси бор.
Шаҳарчада поликлиника, стоматология, дам олиш маскани ва меҳмонхоналар жойлашган. Бироқ туристлар у қадар кўп эмас, меҳмонхоналарда ҳам деярли кимса йўқ.
Тоғ ёнбағридаги йўлларда туристлар, меҳмонлардан кўра кўпроқ спортчиларни учратиш мумкин. Машиналар кам йўлда спортчилар югуришади.
Расмлар муаллифи Мадина Очилова
Мавзуга оид
22:40 / 07.10.2024
Ангренда кўмир кони кенгайтирилиши сабаб уйлари кўчган ёки бузилган аҳолига 60 млрд сўмдан ортиқ пул тўланади
09:51 / 07.07.2024
Ангренда машинани соатига 157 км тезликда бошқарган аёлга чора кўрилди
16:12 / 06.07.2024
Ангренда аёл машинани аҳоли пунктида соатига 157 км тезликда бошқарди
13:24 / 28.06.2024