Мансабдор шахсларга ўзбошимчалик билан қарор қабул қилиш тақиқланмоқда
Парламент қуйи палатаси “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Сенатга юбориладиган қонунда фуқаролар манфаатига салбий таъсир қиладиган қарор қабул қилишда уларнинг фикрини эшитиш шарт деб белгиланган.
Кеча, 8 февраль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Маълум қилинишича, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ушбу қонун давлат органлари томонидан фуқароларга ва тадбиркорларга нисбатан қарор қабул қилишнинг ягона ҳуқуқий стандартларини белгилаши ҳамда маъмурий жараёнларни бирхиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Қонун маъмурий актларни қабул қилиш, ўзгартириш, ижро этиш ва бекор қилишга қаратилган маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Янги қонун билан фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида бир қанча нормалар киритилмоқда:
- мансабдор шахсларга ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишни тақиқлаш;
- қонун ҳужжатларида мавжуд бўлган ҳуқуқни қўллашнинг рад этилишига йўл қўймаслик, ваколатни суиистеъмол қилмаслик каби янги принциплар;
- фуқаро манфаатига салбий таъсир кўрсатадиган қарор қабул қилинадиган бўлса, ушбу қарор қабул қилинишидан олдин фуқаро(лар)нинг фикри эшитилиши шартлиги;
- маъмурий органлар ноқонуний маъмурий актлар билан манфаатдор шахсларга етказилган зарар учун қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлиши;
- маъмурий шикоят бўйича қарор – уни берган манфаатдор шахснинг аҳволини шикоят қилинган маъмурий актга нисбатан ёмонлаштириши мумкин эмаслиги;
- маъмурий орган томонидан йўл қўйилган хато аҳоли учун номақбул оқибатларни келтириб чиқармаслиги кераклиги белгиланмоқда.
Қуйи палата томонидан қабул қилинган ушбу қонун 10 кун муддат ичида Олий Мажлис Сенатига юборилади. Ҳужжат Сенат тасдиғидан ўтиб, президент томонидан имзолангач, кучга киради.
Мавзуга оид
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
16:00 / 21.10.2024
Яна тўртта вазирликнинг 160 ходими тадбиркорлик қилаётгани маълум бўлди
22:14 / 19.10.2024
“Пора олиш камайиб, бюджет маблағларини талон-торож қилиш ортган” — Акмал Бурҳонов
16:47 / 26.09.2024