Ўзбекистон | 15:40 / 09.02.2022
20547
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 40 ёшгача бўлган раҳбарлар рейтинги эълон қилинди

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ўзбекистонда 40 ёшгача бўлган раҳбарларнинг йиллик рейтингини эълон қилди. Рейтингда, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерова энг яхши ёш раҳбар дея эътироф этилган.

Фото: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, IT-Park директори Фарҳод Иброҳимовларнинг фаолиятига юқори баҳо берилган. Янги тайинланган халқ таълими вазири Бахтиёр Саидовнинг фаолиятига эса ишонч билдирилган.

Рейтингга 16 нафар ёш раҳбарлар бу йил биринчи марта киритилган.

Маълум қилинишича, дастлабки рўйхатда турли даражадаги юздан зиёд бошқарувчилар ўрин олган, якуний рейтинг эса икки босқичда шакллантирилган.

“Биринчи босқичда фуқаролик жамияти, таҳлил марказлари ва ОАВ вакилларидан иборат экспертлар ёш раҳбарларнинг ўз соҳаларида стратегик мақсад ва натижаларга эришганлик бўйича фаолиятини баҳолашди. Бунда номзодларнинг маълумоти, раҳбар сифатида жамоатчилик орасида танилганлиги, ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги, ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва таъсир даражаси ҳамда шахсий ва касбий ютуқлари инобатга олинди.

Иккинчи босқичда турли соҳа экспертларининг овози тўпланди. Якуний босқичга ўтган 60 дан зиёд номзодлар орасидан энг кўп овоз олган 40 ёшгача бўлган энг яхши 40 нафар раҳбар танлаб олинди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Ижтимоий ва иқтисодий ташаббуслар институти билан ҳамкорликда 2019 йилдан буён Ўзбекистоннинг 40 ёшгача бўлган истиқболли ёш раҳбар кадрлари рейтингини эълон қилиб келмоқда.

Мавзуга оид