Ўзбекистон | 07:44 / 10.02.2022
2309
2 дақиқада ўқилади

ОТБ Ўзбекистон молия бозорини ривожлантириш учун маблағ ажратади

Фото: bworldonline.com

Вазирлар Маҳкамасининг “Осиё тараққиёт банки иштирокида “Молия бозорини ривожлантириш дастури” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2021 йил 7 октябрда Осиё тараққиёт банки директорлари кенгаши томонидан “Молия бозорини ривожлантириш дастури” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга 25 йил муддатга 5 йиллик имтиёзли давр билан 100 млн доллар миқдорида қарз ажратилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

ОТБ маблағлари Ўзбекистон бюджети харажатларини молиялаштириш учун фойдаланилади. Молия вазирлиги лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг олиб бориш, шунингдек, ОТБ маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши юзасидан масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Валюта хатарларини қисман хеджирлаш мақсадида халқаро молиявий контрагентлар билан ҳамкорликда ОТБ маблағларининг 20 млн доллар миқдоридаги қисми бўйича 3 йил муддатга илк синов своп операциясини амалга ошириш назарда тутилган.

ОТБ маблағларини қайтариш ва фоиз бўйича тўловлар ҳамда илк синов своп операцияси доирасида амалга ошириладиган фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон республика бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунда, Халқаро своп ва деривативлар ассоциациясининг бош келишувига асосан тушадиган даромадлар республика бюджети даромадлари сифатида акс эттирилади.

Марказий банкка лойиҳани ҳамда Халқаро своп ва деривативлар ассоциацияси билан транзакцияларни амалга оширишда молиявий агент функциясини бажариш тавсия этилди.

Осиё тараққиёт банки томонидан “Молия бозорини ривожлантириш дастури” лойиҳаси доирасида ажратиладиган қарзни қайтариш ва фоиз бўйича тўловларни амалга оширишнинг прогноз жадвали тасдиқланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид