Ўзбекистон | 14:04 / 10.02.2022
25941
2 дақиқада ўқилади

«Тошкентга трамвайни қайтармоқчимиз» — президент

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрига трамвай қайтарилиши режаси ҳақида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу борада фуқаролардан кўплаб мактублар ва мурожаатлар келиб тушган.

Фото: Kun.uz

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Самарқанд вилоятига ташрифи вақтида ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Давлат раҳбари Самарқандда тирбандликларни камайтириш ва бартараф этиш учун илмий-амалий марказ қуриш кераклигини таъкидлаган.

«Шаҳарда тезликни камайтириб, тирбандликларни бартараф этиш керак. Авариялар оқибатида кўпгина инсонлар ҳалок бўлмоқда», — деган президент.

Самарқанд шаҳрида трамвай борлиги алоҳида қайд этилган.

«Трамвайни Тошкентга ҳам қайтармоқчимиз. Фуқаролардан бу борада кўплаб хатлар ва мурожаатлар келяпти», — дея унинг сўзларини келтиради «Дарё».

Шунингдек, Самарқандда янги қурилган ерости туннели, йўлларни кўздан кечириш чоғида хавфсиз йўл, хавфсиз пиёда концепциясини яратиш ҳақида гапирган президент Тошкентда автомобиль ҳаракати тезлиги 60 км.гача пасайтирилишини айтган.

«Яқинда Тошкентда тезлик кўпи билан 60 км/соатгача белгилангани ҳақида қарор чиқади», — дея президентнинг сўзларини келтирмоқда блогер Азиза Қурбонова.

  • Эслатиб ўтамиз, 2016 йилнинг 2 майида Тошкентда сўнгги, 17-трамвай йўналишида ҳаракат тўхтаган, «Бешқайрағоч» даҳаси ва Ипподром ўртасида қатновчи бу йўналиш ёпилиши орқали Тошкент трамвайининг 115 йиллик тарихига нуқта қўйилганди.
  • 2016 йил кузида Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи бўлган Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрига ташрифи вақтида ушбу шаҳарда трамвайлар қатнови йўлга қўйилишини маълум қилганди.
  • 2022 йил 23 январь куни «O’zbekiston 24» телеканалида эфирга узатилган «Менимча» телелойиҳасида Тошкент жамоат транспортидаги муаммоларни ҳал қилиш учун трамвайлар фаолиятини тиклаш таклиф қилинганди. 

Мавзуга оид