Жамият | 10:47 / 12.02.2022
39142
8 дақиқада ўқилади

“Мени эшак ўғриси дейишади” — бир савдогар ҳикояси

Ижодкор одамга қизиқ тақдирли одамлар дуч келаверади. Олис вилоятдан қайтишда учраган бу оға ўз тақдирининг бурилиш нуқтаси ҳақида айтиб берганда жуда ҳайратда қолгандим.

Купе эшигидан чой олиб киришди. Бу ичимлик дилкаш суҳбатга жуда муносиб. Қаршимдаги 43-45 ёшлардаги киши билан дастлаб умумий гаплардан нарига ўтмадик. Гап орасида Мавлон аканинг тадбиркорлигини, дуккаклиларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланишини билиб қолдим.

“Кўп болали, камбағал оилада улғайганман. Мактабни битирдим, қобилиятим бўлса-да, ўқишга киришим тўғрисида гап бўлиши мумкин эмасди. Ҳали ўқувчилигимдаёқ оғир меҳнат остида эдим, битирганимдан кейин ҳам қишлоқнинг машаққатлари кутиб турарди. Икки йил тиним билмадим. Негадир шунча уринсак-да, ҳеч рўзғоримизга барака кирмасди. Билмадим, ўшанда ўзи шунақа қийин йиллар бўлганмикан...

Бир қарашда оддий қишлоқнинг оддий ҳаёти, миллионлаб кишилар шундай яшашади. Лекин менинг қалбимда қандайдир интилиш, ниманидир ўзгартиришга уриниш бор эди. Мен-ку майли, ўзимдан кейин улғаяётган тўрт ука-сингилларимнинг шундай қийналиб ўтиб келишларини тасаввур қила олмасдим.

Ишонсангиз, пойтахт тугул ўзимизнинг вилоят марказига ҳам тузук-қуруқ бормаганман. Лекин Тошкентда катта ишлар қилиб юрганларни, бориб ўз йўлини топиб кетганларни кўп эшитардим. Лекин менга катта шаҳар орзу ҳам эмасди.

Бир куни қўшнимизнинг чайласи ёнида турган эшагини миниб бозорга йўл олдим. Қўшничилик, эшаклар сўралмай миниб кетилаверарди. Ўзи молларга ем олиш учун боргандим, лекин негадир фикрим ўзгарди, кўнглимда ўзим кутмаган ҳолда бир режа тузилди. Мол бозорига олиб тушиб эшакни кўтарганига сотдим ва шу ернинг ўзида автобусга ўтириб, Тошкентга жўнадим. Биламан, бу ишим ўғриликдан ўзга нарса эмас. Ўша пайт ҳам, ҳозир ҳам бунинг учун виждоним қийналади.

Қаерга боришни билмайман, мени ҳеч ким кутаётгани ҳам йўқ. Фақат эшитганим, Қўйлиқ бозорида қўшни қишлоқлик бир йигит аравакашлик қилиши. Бундан бошқа бирор кишини билмайман. Автобус ярим кечаси олиб келиб ташлади, бунча узоқ йўл юрмаганим учун йўлда ҳам бўларим бўлди. Қорним оч, силлам қуриган. Қарасам бир жойда “перашка” сотиляпти. Биз мактабда ейдиганга ўхшамайди, думалоқ. Бешта олиб еб кўрдим, ғалатироқ. Роса кўнглим айниган ўшанда. Ҳозиргача гуммани яхши кўриб ейдиганларни ҳеч тушунмайман.

Хуллас, ўша кеч автовокзалда ётиб, сўраб-суриштириб Қўйлиқ бозорини топиб бордим. Бизнинг туман бозори бу бозор олдида шунчаки бир раста экан. Кечгача қидириб таниш аравакашни топа олмадим. Фақат бир киши тусмоллаб “бошқа бозорга кетганди анча аввал” деди.

Эшакдан қолган охирги пулимга нон олиб едим. Бир четда ўтирдим ва жудаям эзилдим. Қишлоққа энди қайтолмайман, пулим ҳам йўқ, ўғри деган ном ҳам орттирдим. Ота-онам мени ўйлаб нима хаёлларга боришган бўлса?.. Бир киши “телефон-телефон” деб келди. Ўша пайтлар уяли телефон хизматини таклиф қиладиганлар энди пайдо бўлганди. Қолган пулимни бериб туманимиз марказида яшайдиган аммамга “Тошкентга кетдим, мендан хавотир олманглар” деб айтиб қўйдим.

Қорним оч, икки кундирки тайинли ухламаганман, катта шаҳарнинг катта бозори ичида митти зарра сингари ҳис қилардим ўзимни. Қунишиб ўтирсам, кичкина арава устига кўпгина қутиларда банан ортган мен қатори йигитни кўрдим. Юк оғирлигидан ўзи ҳам, арава ҳам майишиб кетар, аранг ҳаракатланарди. Бурилишда юк бир томонга оғиб кетди ва арава мувозанатни йўқотиб, ағанай бошлади. Югуриб бориб бир четига елкамни тутдим. Бутунлай ағдарилишдан сақлаб қолган бўлсам-да, барибир 2-3 та қутиси ерга тушиб, лойга беланди.

Икковлашиб аравани амаллаб тўғриладик. Ҳалиги йигит қўллари титраб бананларни йиғиштира бошлади. Атрофдагилар ҳам ерда сочилган бананларга ёпишишди. Одамларни тўсиб, теришга ёрдам бераётганимда аравакашнинг пичирлаганини эшитдим: “Ўлдим, энди қандай қутуламан...”

Лой бўлган бананларни йиртилган қутиларга солиб, икки томонидан суриб бордик. 500 қадамгача ҳалиги йигит кўзлари қизариб пичирлаб кетди. Сабабини тез орада билиб олдим. Енгил юк машинаси ёнида кутиб турган мўйловли одам бузилган қутиларни кўрди-ю, кўзи қонга тўлди. Ўша пайт банан анча камёб маҳсулот эди. Тушунтирганимизча бўлмай мен яқинроқ турганим учун аввал мени гарданимга мушт туширди.

– Тайинлаб айтгандим-ку эҳтиёт бўлиб олиб келларинг деб! Энди буни қандай сотаман, – деди у ғазаб билан.

Мен бу ишга алоқам йўқлигини айтгунимча аравакаш йигит ўртага тушди:

– Кечиринг ака, қоқилиб кетдим.

– Қоқилиб ўлиб кетмайсанми, менинг молимни тўлайсан! – юк эгаси аравакашни ҳам икки марта турткилади.

Индамай туравердим. Икковимизни ҳам уриб-сўкиб хумордан чиққач, шундай деди:

– Энди гап бундоқ, шу молдан қанча зарар кўрсам, шунга яраша ишимни қилиб берасанлар. Қишлоғимга қочаман деб ўйлама, ернинг тагидан бўлса ҳам топаман.

Индамай туравердик. Юкни юклаб юборгандан кейин ўзини Азамат деб таништирган бола секин сўради:

– Сенга нима зарур эди?..

* * *

Азамат мендан жуда миннатдор бўлди. Чунки юкнинг ҳаммаси ағдарилиб кетмаслигига сабабчи бўлиб қолгандим. Лекин ўша ози ҳам анчагина экан, Азамат билан уч кун тинмай ишлагандан кейингина ҳалиги юкнинг зараридан қутулдик. У мени ётоғига олиб кетди. Қорнимни ҳам тўйдириб турар, эвазига айтган ишини қилардим. Битта араванинг пули билан икки киши тирикчилик қилиши қийин бўлса ҳам Азамат мени ўзидан четлаштирмади, мен ҳам сидқидилдан ишлайвердим. У бозор оралаб юк топиб тўплаб туришни, мен аравада ғизиллаб ташлаб келишни йўлга қўйдик, кўпроқ пул топа бошладик. Кейин Азамат менга эскироқ битта арава топиб берди.

Икки йил арава судрадим. Бу вақт оралиғида бирор марта қишлоққа бормадим. Бир марта отам келиб кетди, ўзим пул жўнатиб турдим. Бу даврнинг ўзига хос жиҳати шуки, шаҳарга қандай келиб қолганим тарихини айтиб бериб, бутун умрли тамғага эга бўлдим. Аравакашлар мени ярми ҳазил, ярми чин қилиб Эшакўғри деб аташарди. Бу ном мени дўкончига ёрдамчилик қилганимда ҳам, ўзим ижарага дўкон олиб ишлатганимда ҳам таъқиб қилаверди...” – секин жимиб қолди Мавлон ака.

– Қишлоғингизга қайтиб бордингизми? – сўрадим ундан.

– Бу ҳам ўзига хос тарих. Ишларим юришиб, оиламга ҳам ёрдам бердим. Укаларимни ўқитдим. Пул тўпладим ва қишлоққа қайтдим. Маҳаллага боришдан аввал мол бозорига тушиб, зотдор эна-бола сигир олдим. Кейин мен эшагини ўғирлаб сотиб юборган ҳалиги одамнинг уйига олиб бордим. Борсам, бобонинг кампири чиқди. Сигирнинг ипини тутқазсам ҳайрон бўлди. Шу пайт не кўз билан қарайки бобонинг ўзи ҳам худди мен ўғирлаб сотиб юборган эшакни миниб кириб келяпти. Шунча йил ўтса ҳам ўша-ўша. Кейин билсам, эшак мен сотиб юборган жойдан қочиб кетиб, уйини топиб келган экан. Лекин шунга қарамай сигирни уларга ҳадя қилдим. Сотиб олган одамни ҳам суриштира-суриштира топдим ва бир эшакнинг пулини бериб келдим.

Ҳозир пойтахтда яшайман, бир нечта дўконларим бор, асосан гуруч сотаман. Ҳалигача дўстларим ҳазил қилиб, бегоналар пичирлаб “Эшак ўғриси” деганларини эшитиб қоламан. Бу ном энди менга абадий шерик бўлди шекилли...

Аброр Зоҳидов

Аброр Зоҳидов
Муаллиф Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид