Жаҳон | 11:32 / 14.02.2022
43323
2 дақиқада ўқилади

CIT: Украина чегаралари томон танклар армияси жўнатилди

Фото: Reuters

Россия ҳарбийлари 1-гвардия танк армияси техникаларини Воронеж яқинидаги полигондан Украина чегаралари томон жўнатди. Бу ҳақда Conflict Intelligence Team (CIT) суриштирув гуруҳи хабар бермоқда.

11 февраль куни эълон қилинган видеода Воронеж ташқарисидаги Масловка станциясида «Мста-С» русумли ўзиюрар гаубицалари ва Т-80У русумли танклар ортилган эшелонни кўриш мумкин.

Шунингдек, 4-гвардия танк дивизияси таркибидаги танкларни Белгороддаги поездларда кўришган. CIT маълумотига кўра, эшелонлар бу ерга Москва областидаги Селятино ва Кубинка-2 станцияларидан келган, бу эса Украина чегарасига кўп миқдорда қўшимча техникалар ташилаётганидан дарак беради. Белгород области ҳудудига Смоленск областидаги (бу ерда 49-зенит-ракета бригадаси жойлашган) Красний Бор станциясидан ҳам бир эшелон келган.

«Бу техникаларнинг чегара томон сурилиши айниқса Америка разведкасининг кейинги ҳафтада Украинага қарши амалиёт бошланиши кутилаётгани ҳақидаги огоҳлантириши ва хорижий элчихоналар Киевдан эвакуация қилиниши фонида жиддий хавотир уйғотади», — дея хулоса қилади CIT таҳлилчилари.

  • Ғарб мамлакатлари 2021 йил кузидан буён Россия Украина чегарасида қўшин тўплаётгани ва бу қўшни мамлакат ҳудудига бостириб киришга тайёрланиш бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб келмоқда. CIT бир неча марта Россия ички ҳудудларидан ғарбий чегараларига ҳарбий қисмлар ва техникалар ташлаганини қайд этганди. АҚШ ҳукумати 16 февраль Россиянинг Украинага бостириб кириш санаси сифатида белгиланганини тусмол қилган. Москва Украинага бостириб кириш режалари борлигини инкор этган ва қўшинларини чегарага жўнатишини ҳарбий машғулотлар билан изоҳлаган. Минтақада вазият кескинлашуви фонида Россия ташаббуси билан АҚШ ҳамда НАТО иштирокида Европада хавфсизлик кафолати бўйича музокаралар ўтказилмоқда.

Мавзуга оид