Ўзбекистон | 20:13 / 15.02.2022
9174
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Қодирий боғида дарахтлар ноқонуний кўчирилгани маълум бўлди

Kun.uz 14 феврал куни Тошкентдаги Абдулла Қодирий боғида 64 та дарахт кўчирилгани ҳақида хабар берган эди. Шаҳар экология бошқармаси бу дарахтлар ноқонуний равишда кўчириб ўтказилганини маълум қилди.

Суратдаги майдон дарахтзор эди, энди у ерга бино қурилади.

Қайд этилишича, Олмазор туманидаги Абдулла Қодирий боғи январь ойида давлат инспекторлари томонидан ўрганилган.

“Ўрганиш жараёнида боғ ҳудудида қурилиш ишлари олиб борилиши учун ажратилган ер майдонидаги дарахтлар тадбиркор томонидан керакли ҳужжатлар расмийлаштирмасдан ноқонуний равишда бошқа жойга кўчирилганлиги аниқланди”, – дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан инспекторлар жойида баённома расмийлаштириб, тадбиркорга Маъмурий кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан 1 350 000 сўм жарима ҳамда ўсимлик дунёсига 7 614 000 сўм етказилган зарар миқдори белгиланиб, чора кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, Абдулла Қодирий боғи ҳудудининг бир қисми ҳукуматнинг ёпиқ қарор(лар)и билан инвесторларга сотиб юборилган. Улар айни пайтда боғда қурилиш ишларини олиб бормоқда.

Қурилиш корхонаси вакили Kun.uz билан суҳбатда дарахтларни кўчириб ўтказиш бўйича тегишли хусусий ташкилот билан шартнома қилингани, шартномага асосан у ташкилот кўчириб ўтказилган дарахтлар 2 йил давомида қуриб қолмаслигига кафолат бергани, дарахтлар шу боғ ҳудудига қайта экилганини айтганди

Экобошқарма муносабатида, шунингдек, Kun.uz мақоласида тилга олинган Ғафур Ғулом боғининг ТТЗ мавзесидаги филиали таъмирланаётгани айтилган. Экология қўмитаси 2021 йилда бу боғ ҳудудида экологик акция ўтказгани қўшимча қилинган.

“Боғ ҳудудидаги мавжуд барча дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилган бўлиб, хавотирга ўрин йўқлигини, ушбу ҳудуд экологларнинг қатъий назорати остига олинганлигини маълум қиламиз”, – демоқда Тошкентнинг экология посбонлари.

Таъкидлаш керак, Kun.uz ўз мақоласида бир неча йил олдин обод бўлган боғ ҳозир абгор ҳолатга келтириб қўйилгани, боғнинг келажаги номаълум бўлиб турганини ёзган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Kun.uz'нинг бу борадаги мурожаатига жавоб бермади.

Мавзуга оид