Жамият | 17:51 / 16.02.2022
26218
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ўғрилар банкоматни ўғирлашди, унинг ичидан пул чиқмагач, дарёга оқизиб юборишди

Банкомат 25 январдан 26 январга ўтар кечаси ўғирлаб кетилган. Жиноятчилар ичидан пул чиқмаган банкоматни Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишган.

Фото: ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти

Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида банкоматни ўғирлаб, дарёга ташлаб юборган гуруҳ қўлга олинди. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг маълум қилишича, “Капиталбанк”га тегишли бўлган, Ўрта Чирчиқ тумани Тошкент йўли кўчасига ўрнатилган, баҳоси 145 млн сўмлик банкомат 2022 йилнинг 25 январидан 26 январига ўтар кечаси номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўртачирчиқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодекснинг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (Ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида банкоматни Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи, 22 ёшли С.Н. ва 23 ёшли Ю.Д. ҳамда 24 ёшли Э.А. бир гуруҳ бўлиб ўғирлагани аниқланган.

Тергов давомида қонунбузарлар банкоматни темир жисм ёрдамида бузиб очишгани, бироқ унинг ичида пул бўлмаганлиги сабабли банкоматни Бектемир тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишганини айтиб беришган.

Тергов департаментнинг ахборот хизмати айни пайтда ушбу шахсларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилаётгани ҳақида хабар берган.

Мавзуга оид