Ўзбекистон | 09:52 / 18.02.2022
12461
8 дақиқада ўқилади

Президент совғасини қўлга киритган фарғоналик китобхон ўсмир

Муҳаммадфозил Исмоилов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 50-мактабнинг 9-синфида таҳсил олади. 2021 йилда «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган Муҳаммадфозилга президент совғаси «Spark» автомобили топширилган.

Муҳаммадфозилнинг онаси Мукаммалхон Муқимжонова 50-умумий ўрта таълим мактабида тарих фанидан дарс беради. У ҳам ота, ҳам она бўлиб икки ўғлига меҳр бериб тарбияламоқда.

Муҳаммадфозилнинг акаси Камронбек ҳам шу йилнинг 6-7 феврал кунлари «Ёш китобхон» Республика танловининг Фарғона вилояти босқичида 15–19 ёш тоифасида иштирок этиб ғолиб бўлди.

Муҳаммадфозил Исмоиловлар хонадонида оилавий боғча ҳам ташкил қилинган.

Муҳаммадфозилнинг биринчи ўқиган китоби ўзбек халқ эртаклари туркумига кирувчи «Учар гилам» бўлган экан.

«Китобга бўлган қизиқишим 1-синфга чиқмасимданоқ уйғонган. Бунга онам сабаб бўлган. Чунки онам менга алифбо китобини ёд олдирган. Мактабга чиқишим биланоқ китобларни тез ўқиб тугатишни бошладим. Саводим эрта чиққанидан онам қатори устозларим ҳам бирдек хурсанд бўлишди. Шундан кейин онам мени кутубхонага олиб борди ва менга ўзбек халқ эртаклари туркумидан «Учар гилам» китобини совға қилди.

Бу китобни ҳалигача эъзозлайман. Чунки менинг китобхонлик сари йўл олишимда илк тамал тошини қўйиб берган, тарози палласи бир томонини оғир қилиб босиб берган китоб айнан шу эртак китоби бўлди.

Қай бир ўқувчи бизнинг мактаб кутубхонасига кирадиган бўлса, албатта шу китобни қўлига тутқазаман: «Изланманг, мана шу китобни ўқинг, у ёғи эртаклардан бошлаб қолган адабиётларга бўлган қизиқишингиз ортади», деб маслаҳат бераман», — дейди у.

Муҳаммадфозил Исмоилов «Ёш китобхон» танлови унга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилгани, айнан шу танлов туфайли адабиётга меҳр қўйганини таъкидлади.

«Ёш китобхон кўрик-танловига илк бор 2018-2019 йилларда қатнашганман. Айнан шу йилдан бошлаб танловда иштирок эта бошладим. 2018 йилда вилоят босқичигача етиб бордим ва унда 2-ўринни қўлга киритдим. Онам ва акамнинг қайта-қайта менга далда берганлари ортидан натижамни яхшилаш мақсадида кейинги йили ҳам қатнашишни бошладим.

Кейинги йилда республика босқичигача бордим. Республикада фахрли ўринни олиб қайтганимдан кейин ўзимга хулоса чиқардим. Китобни соврин учун эмас. Балки ўзимизга керак бўлган маълумотларни олиб миямизда сақлай олишни билсак бу биз учун катта бойлик эканини англаб етдим.

Ниҳоят, онажонимнинг дуолари сабаб танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Айнан бу сафарги республика босқичи ўтган танловлардан кўра анча шиддатли бўлди. Асосийси, ўзимда бўлган барча билимларимни саҳнада ҳаяжон босмай, фикримни йўқотиб қўймасдан тафаккур қобилиятимни ишга солиб қолганларга етказиб бера олдим. Ўз даражамни имкон қадар кўрсата олдим.

Олий соврин — «Spark» автомашинасига келадиган бўлсак, президентимизга мен шу ўринда катта раҳмат айтмоқчиман. Ёш китобхон танлови айнан менга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилди. Инсон учун энг катта бойлик олган билимингиз келажакда албатта ўзингизга асқатиши экан. Чунки айнан шу танлов баҳона мен адабиёт фанига меҳр қўйдим. Кўп адибларнинг номини ёд олдим.

Ёш китобхон кўрик-танлови ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Ёш китобхонларга маслаҳатим, китобни ўқияпсизми, уни тушуниб ўқишингизни тавсия қиламан. Қаҳрамонлар билан биргаликда ҳаракатланинг. Улар ўтирса ўтиринг, турса туринг. Қаҳрамонлар билан биргаликда фикрланг, ўртоқлашинг. Улар билан бирга яшанг. Персонажлар ҳаётини муҳокама қилманг. Уларнинг ичида бўлинг. Ана шундагина китобнинг ҳақиқий мутолааси ичига кириб борасиз. Чунки муаллиф асар ёзишидан албатта бир мақсади бор. Сиз ўша мақсадни англаб етишингиз керак», — дейди у.

Муҳаммадфозил Ёш китобхон танловининг Республика босқичида ғолиб бўлгандан сўнг маҳалла болалари орасида танловда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар кўпайиб кетган. Унинг қўлга киритган ютуғи сабаб маҳаллада кичик бир кутубхона ташкил қилинган.

«Айни пайтда ҳам тўхтаб қолаётганим йўқ. Танловда ғолиб бўлганимдан кейин маҳалламда танловда иштирок этиш истагида бўлган номзодлар жуда ҳам кўпайиб кетди. Бундан хурсанд бўлдим. Уйимизга ўқувчилар оқими келишни бошлади. Мен уларга имкон қадар ёрдам бердим. Уларга тажрибасини ошириш учун ўзимнинг маслаҳатларимни бердим.

Ҳалигача уйимиздан ўқувчиларнинг кети узилмайди. Ҳалигача ёш ўқувчилар китобларимизни олишяпти. Ўқувчилар доимо олдинга интилишдан чарчамасликларини хоҳлайман.

Айнан шу кўрик-танлов сабаб туманимизнинг ўзида минг кишидан ортиқ ўқувчилар йиғилиб ёш китобхон кўрик танловининг дебатларини ўтказишни таклиф қилишди.

Ўтган йил ҳисобига кўра, танловда иштирок этиш учун 3 миллион 400 минг нафар ёш ариза берган бўлса, бу йил кўрик-танловда иштирок этувчилар сони 4 миллиондан ошиб кетди.

Маҳалламизда кичик бир кутубхона ташкил қилдик. Мен бу кутубхонага ўз китобларимни олиб бориб бердим. Ажаб эмас, яна танловнинг навбатдаги ғолиблари етишиб чиқадиган бўлса.

Ёш китобхон кўрик-танловида иштирок этмоқчи бўлганларга шуни маслаҳат берган бўлардимки, муҳими – ота-онангиз дуоси, олаётган билимингиз доимо мустаҳкам бўлишига ишончингиз ва ўзингизнинг даражангизни кўрсата олишингиз ҳамда ҳаяжонга енгилмаслигингиз. Мана шу нарсаларни кўзда тутган ҳар бир китобхон ўйлашимча ғалаба сари дадил одимлайди. Мағлубият инсонни тарбиялар экан, инсон доимо олдинга интилишдан тўхтаб қолмаслиги керак», — дейди ёш китобхон.

16 ёшли китобхон ота-оналарнинг беэътиборлиги сабаб ёшлар телефонга берилиб китоб ўқимай қўйган деб ҳисоблайди.

«Ёшлар орасида китоб мутолаа қилиш даражаси пасайиб кетган. Бунинг сабаби ота-оналаримизнинг беэътиборлиги. Булар ўз фарзандини телефонидан қандай фойдаланаётганлигини текшириб кўрмаётганлиги. У ўйин ўйнаяптими, ё дарс қиляптими...

Телефондан турли хил мақсадда фойдаланиш мумкин. Ижтимоий тармоқлар орқали бошқаларга илм улашиш, бошқаларга зиён етказиш, ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиб вақтини бекор ўтказиш. Шундай китоблар бор уларни кутубхонадан излаб топа олмаймиз. Лекин айнан шу китобнинг телефонда электрон варианти бор.

Менинг назаримда телефон шунчаки вақтни ўғирлайди холос. Бугун телефон ўйнаб вақтингиз ўтса, эртага бунинг жабрини тортасиз. Вақт қимматбаҳо мулк экан. Буни талон-торож қилиш энг катта гуноҳдир», – дейди у.

Муҳаммадфозил китоб мутолаасига энди қизиқа бошлаган ёшларга саргузашт адабиётдан кўпроқ ўқишларини маслаҳат беради.

«Китоб ўқишда мен унинг жанрини танламайман. Қиссами, ҳикоялар тўпламими. Китоб ўқишга энди қизиқа бошлаган ёш китобхонлар саргузашт адабиётдан кўпроқ ўқишларини истаган бўлардим. Чунки саргузашт адабиётнинг кейинги воқеалари кулминацион нуқтасига чиққунга қадар китобхон болакай уни ўқир экан қаҳрамонга ошно бўлади. Географияга оид билимлари ҳам ошади. Шу ўринда жаҳон адабиётидан Жюл Верн, Александр Дюма асарларида география, тарих, адабиёт – бари мужассам.

Келажакда қонун ҳимоячиси – юрист бўлмоқчиман. Бугунги муаммолардан бири ўз ҳуқуқини билмаслик. Мен одамларга ўз ҳуқуқларини англатиб тураман. Фуқароларга қонун ҳимоясида эканликларини эслатиб тураман», – дейди у.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо

Мавзуга оид