Жамият | 13:30 / 20.02.2022
2498
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда сохта ИИБ ходими ушланди

Сохта ходим Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшовчи шахс бўлиб чиқди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 15 феврал куни Иштихон тумани ИИБ ходимларидан бирига туман марказида ички ишлар ходимларининг махсус формасини кийиб юрган шахснинг хатти-ҳаракатлари шубҳали туюлган.

Ходим шубҳали кўринган шахснинг олдига бориб қаерда ишлашини сўраганда, у Иштихон тумани ИИБда ишлашини айтган. Шундан сўнг ходим ундан гувоҳномасини кўрсатишни сўраганда кўрсата олмаган. Шубҳали шахс туман ИИБга олиб борилиб текширилганда унинг Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида яшаши ва ички ишлар тизимида ишламаслиги аниқланган.

Дастлабки суриштирувда, ушбу шахс ички ишлар ходимларининг махсус формасини Чироқчи туманида яшовчи тикувчи аёлдан 100 минг сўмга сотиб олганини маълум қилади.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид