Ўзбекистон | 21:31 / 26.02.2022
11035
2 дақиқада ўқилади

Андижондаги деҳқонлар кўчатчилик ортидан юз миллиондан ортиқ даромад олмоқда

Андижон вилояти Избоскан туманидаги Гулистон маҳалла аҳолиси мевали кўчатлар етиштириш билан шуғулланади. Улар тайёрлаган кўчатлар қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда.

Ушбу маҳаллада 743 та хонадоннинг деярли барчаси кўчат етиштириш ишлари билан шуғулланиб келади. Хонадонида ер майдони кичик бўлганлар бошқа ҳудудларга бориб, ижарага олинган ерларда деҳқончилик билан шуғулланишмоқда.

Хорижий навларни маҳаллийлаштириш ва маҳаллий навларни янада оммалаштириш мақсадида кўчатлар пайванд қилинади. Пайванд қилинган кўчатлар қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда.

“Тўрт ака-укамиз. Ҳаммамиз бир гектардан ер олганмиз. Бир гектар ерда тайёрланган кўчатлар сотилиб бўлгунча бошқа бир гектар тайёр ҳолатга олиб келинади. 350 мингга яқин мевали кўчатлар етиштирамиз йилига”, - дейди Шуҳратбек Йўлдошев.

Деҳқоннинг таъкидлашича, мазкур мевали кўчатлардан бир мавсум давомида 100-150 миллион сўм даромад қилиш мумкин.

Маҳалла аҳли ўз кўчатларини буюртмага қараб жойларига бориб боғ барпо қилиб беришлари ҳам мумкин. Мевали кўчатлар эса турига қараб нархланади. Мева бериши ҳам бир йилдан саккиз йилгача бўлиши мумкин. Олманинг бир нечта навлари экилгандан бир йил ўтиб, мева беришни бошлайди.

“Маҳаллада бекор юрган одамнинг ўзи йўқ. Ҳамма кўчат етиштириш билан шуғулланади. Деҳқонларга сув етказиб беришни ҳам йўлга қўйганмиз. Унумдор ерларни аниқлашга ҳам ёрдам берамиз”, - дейди туман экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўлими бош мутахассиси Азаматжон Аҳмедов.

Абдували Қурбонов, Kun.uz мухбири

Тасвирчи ва монтаж устаси: Азизбек Исмоилов

Абдували Қурбонов
Муаллиф Абдували Қурбонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид