Жаҳон | 14:42 / 27.02.2022
25866
2 дақиқада ўқилади

Киев Россия билан Беларусда музокара ўтказмаслигини маълум қилди

Кремль Россия ташқи ишлар вазирлиги, мудофаа вазирлиги ва президент администрация вакилларидан иборат гуруҳ Украина билан музокара ўтказиш учун Беларуснинг Гомел шаҳрига етиб борганини маълум қилди. Делегацияга Путиннинг ёрдамчиси Владимир Мединский раҳбарлик қилмоқда.

Фото: AP

Рус делегацияси раҳбарининг айтишича, улар Киев томони музокарага келишини Москва вақти билан соат 15:00 гача кутади.

Украина президенти Владимир Зеленский эса мамлакат Россия билан Беларусда музокара ўтказмаслигини айтди. Унинг фикрича, Беларусь урушда Россияни қўлламоқда ва нейтрал ҳудуд ҳисобланмайди.

Украина президентининг матбуот котиби Сергей Никифоров Киев нега Беларусда музокарага бормаслигини изоҳлади. Унинг айтишича, Россия музокарадан аввал Украина армияси қуролни ташлаб, таслим бўлишини талаб қилган.

«Россия томони Гомелга музокара учун борганини айтди, аммо Украина вакиллари у ерга бормайди. Ҳа, бу борада музокара олиб борилганди, аммо охирги дақиқаларда россиялик музокарачилар аввал Украина армияси қуролни ташлаб, таслим бўлиши кераклигини талаб қилишди. Бу талаб рад этилди», деди Зеленскийнинг вакили.

Никифоровнинг айтишича, Украина бошқа нейтрал ҳудудларда учрашишга тайёр. «Украинанинг позицияси ўзгармас, биз ҳар қандай нейтрал ҳудудда учрашишга тайёрмиз: Боку, Истанбул, Варшава, Вена. Ўзингиз танланг, биз Россияга ўз аскарлари жонини сақлаб қолиш учун қанчалик тез музокара столига ўтириши кераклигини таклиф қиламиз», деди Зеленский матбуот котиби.

Аввалроқ Кремль расмий вакили Дмитрий Песков Россия Минскда учрашишни таклиф қилгач, Путин қўшинларга Украинага ҳаракатланишни тўхтатишга буйруқ берганини айтганди. Песковга кўра, Киев Минскдаги музокараларни рад этгач, 26 феврал куни Россия армиясининг ҳаракатлари қайта тикланган. Украина томони эса руслар ҳужумни тўхтатмаганини маълум қилган.

Мавзуга оид